Японияда Ўзбекистон параспортчилари 145 та медаль, ўнлаб рекордлар билан янги тарих ёзди
Октябрь 25, 2026. 12:30 • 3 дақ
• 294АЙЧИ–НАГОЯ, 25 октябрь. /“Дунё” АА/. Японияда ўтказилган V ёзги Параосиё ўйинларида Ўзбекистон делегацияси юксак натижаларни қўлга киритиб, мусобақани тарихий муваффақият билан якунлади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Қитъамизнинг 45 та мамлакати вакиллари иштирок этган мазкур мусобақада вакилларимиз 11 та спорт тури бўйича маҳорат кўрсатиб, жами 145 та медаль – 45 та олтин, 49 та кумуш ва 51 та бронза медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида фахрли учинчи ўринни эгаллади.
Ушбу натижа Ўзбекистон параспорти тарихидаги энг юқори кўрсаткич бўлди. Спортчиларимизнинг матонати, иродаси ва ғалабага бўлган интилиши Ватанимиз шон-шуҳратини янада юксалтирди.
Мусобақада пара енгил атлетикачиларимиз алоҳида маҳорат кўрсатиб, 20 та олтин, 21 та кумуш ва 23 та бронза медалга сазовор бўлди. Эътиборлиси, Ўзбекистон спортчилари турли йўналишларда жаҳон, Осиё ва Параосиё ўйинлари рекордларини янгилашга муваффақ бўлди.
Ушбу Параосиё ўйинлари давомида спортчилар томонидан 81 та Осиё ва 27 та жаҳон рекорди ўрнатилди. Шу билан бирга, бу галги мусобақада жами 108 та жаҳон ва Осиё рекорди янгиланди. Ўзбекистон вакиллари мусобақа давомида турли спорт турлари бўйича жаҳон, Осиё ва Параосиё ўйинларининг 15 дан ортиқ рекордини янгилади ва янги рекордлар ўрнатди.
Ўзбекистон параспортчиларининг Параосиё ўйинларидаги иштироки йиллар давомида изчил ўсиш кузатилганини кўрсатади. Жумладан, 2010 йилги Гуанчжоу ўйинларида терма жамоамиз 6 та, 2014 йилда Инчхонда 31 та, 2018 йилда Жакартада 70 та, 2022 йилги Ханчжоу мусобақаларида эса 71 та медаль қўлга киритган эди.
Бу галги 145 та медаль аввалги натижалардан анча юқори бўлиб, мамлакатимизда параспортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар самарасини яққол намоён этди.
Спортчиларимиз эришган ютуқлар улар учун яратилган шароитлар, мунтазам машғулотлар ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашнинг амалий натижасидир. Айниқса, жисмоний имконияти чекланган ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш ва халқаро майдонда ўз салоҳиятини намоён этиши учун имкониятлар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
V Параосиё ўйинларидаги тарихий натижа Ўзбекистон параспортининг халқаро майдондаги нуфузи тобора ортиб бораётганини тасдиқлади. Энг муҳими, бу зафарлар келгуси мусобақалар учун мустаҳкам замин яратади.
Параспортчиларимиз 2028 йилда Лос-Анжелесда ўтказиладиган Паралимпия ўйинлари ҳамда 2030 йил Доҳада бўлиб ўтадиган VI Параосиё ўйинларида ҳам юксак натижаларга эришиб, Ватанимиз байроғини янада баланд кўтаришига ишончимиз комил.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси







