“News Central Asia”: Ўзбекистон ва Беларусь 2030 йилгача ўзаро товар айланмасини 2 миллиард долларга етказмоқчи

Июль 09, 2026. 10:30 • 2 дақ

74
“News Central Asia”: Ўзбекистон ва Беларусь 2030 йилгача ўзаро товар айланмасини 2 миллиард долларга етказмоқчи

АШХОБОД, 9 июль. /“Дунё” АА/. Туркманистонда фаолият юритувчи “News Central Asia” ахборот агентлиги Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги кўп қиррали шерикликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада таъкидланишича, икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар анъанавий савдо-сотиқдан чуқур саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш ва кенг кўламли ҳамкорлик босқичига ўтмоқда. Шу билан бирга, материалда ўзаро савдо алоқаларида юқори динамика кузатилаётгани алоҳида қайд этилган.

Хусусан, 2025 йилда ўзаро товар айланмаси 965 миллион АҚШ долларига етиб, 2017 йилдаги кўрсаткичга нисбатан қарийб беш баробар ошган. 2026 йил бошидаги маълумотлар эса савдо ҳажми яна 32 фоизлик барқарор ўсиш суръатини сақлаб қолаётганини кўрсатмоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу нуқтаи назардан, томонлар 2030 йилга қадар ўзаро товар айланмаси ҳажмини 2 миллиард АҚШ долларига етказишни мақсад қилган. Бунинг учун 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги қўшма дастур ва “Йўл харитаси” ишлаб чиқилмоқда.

Нашрда саноат ва инвестиция соҳасидаги муваффақиятли лойиҳалар, жумладан, Нурафшондаги “Agromax Technic” қўшма корхонасида тракторлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, Оҳангарон мис кластерида юқори вольтли кабеллар ишлаб чиқариш ҳамда Қаршидаги “UzShoes” пойабзал корхонаси фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусьга амалга оширган расмий ташрифи ўзаро стратегик шерикликка янги суръат бағишлаши ҳамда икки халқ фаровонлигига хизмат қилувчи муҳим келишувларнинг имзоланишига хизмат қилиши таъкидланган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш