Исроилда ўзбекистонлик фуқаролар билан учрашув ўтказилди
Июль 09, 2026. 11:00 • 2 дақ
• 63ТЕЛ-АВИВ, 9 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонасида Исроилда меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ватандошларимиз билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида иштирокчиларга меҳнат мигрантларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда хорижда хавфсиз меҳнат қилишлари учун шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида сўзлаб берилди. Хорижга чиқишдан олдин фуқароларни уюшқоқлик билан ишга жойлаштириш, касб-ҳунарга ўргатиш, чет тилларини ўқитиш, меҳнат шартномаларини расмийлаштириш ва жўнаб кетишдан олдинги тайёргарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув қатнашчилари меҳнат контрактлари бўйича кафолатлар, иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши, тиббий суғурта, яшаш шароитлари, консуллик хизматларидан фойдаланиш ҳамда иш берувчилар билан низоли вазиятлар юзага келганда ёрдам олиш каби долзарб масалаларни муҳокама қилдилар. Элчихона вакиллари фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари, меҳнат низоларини ҳал этиш тартиби ва дипломатик ваколатхона орқали амалий ёрдам олиш имкониятларини тушунтириб бердилар. Шунингдек, иштирокчиларнинг бир қисми консуллик ҳисобига қўйилди.
Бундан ташқари, учрашувда Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тадбирлар ҳамда хориждаги ватандошлар ўртасида ўзбек тили ва маданиятини сақлаб қолиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон фуқароларига элчихона фаолияти ва консуллик хизматларини қулай форматда олиш имконини берувчи “Consular Services” мобил иловасидан фойдаланиш имкониятлари ҳақида маълумот берилди.
Учрашув иштирокчилари хорижда меҳнат қилаётган фуқароларга давлат томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорлик билдириб, бу каби учрашувларни мунтазам равишда ўтказиб туриш муҳимлигини таъкидладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

