“Global Korea post”: Ўзбекистон–Беларусь стратегик шериклиги янги босқичга чиқмоқда
Июль 08, 2026. 22:00 • 3 дақ
• 95
СЕУЛ, 8 июль /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг етакчи “Global Korea post” нашрида Ўзбекистон Президентининг Беларусга расмий ташрифи ва икки давлат ўртасидаги иқтисодий шерикчилик алоқаларига бағишланган таҳлилий мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги муҳим сиёсий воқеа сифатида баҳоланмоқда.
Кейинги йилларда муносабатлар анъанавий дипломатик мулоқот доирасидан чиқиб, иқтисодий, саноат ва инвестициявий шерикликнинг янги босқичига кўтарилди. Бугунги кунда икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари саноат кооперацияси, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳалари, ҳудудлараро алоқалар ҳамда савдо айланмасини кенгайтиришдан иборат бўлиб келмоқда.
Сўнгги йилларда олий даражадаги мунтазам мулоқотлар ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантирди. 2017 йилдан буён Ўзбекистон ва Беларус раҳбарлари саккиз марта учрашди. 2024 йилда Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг Ўзбекистонга расмий ташрифи давомида Қўшма баёнот қабул қилиниб, амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Икки томонлама муносабатларнинг энг ёрқин кўрсаткичларидан бири савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг жадал ўсишидир. 2017–2025 йиллар давомида ўзаро савдо ҳажми 5,3 баробарга ошиб, 182 миллион доллардан 965 миллион долларга етди.
Хусусан, Ўзбекистоннинг Беларусга экспорти қарийб етти баробарга ўсиб, 186,5 миллион долларга етган бўлса, Беларусдан импорт беш баробарга кўпайиб, 778,5 миллион долларни ташкил қилди. Бугун Беларусь Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ҳамкорлари қаторига киради ва МДҲ давлатлари орасида Россия ҳамда Қозоғистондан кейин учинчи ўринни эгаллайди.
Нашрда таъкидланишича, Ўзбекистон ва Беларусь 2030 йилга қадар ўзаро товар айланмасини 2 миллиард долларга етказишни мақсад қилган. Бу мақсадга эришиш учун юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар экспортини кенгайтириш, маҳсулотларни сертификатлаш, тўғридан-тўғри бизнес алоқаларини ривожлантириш ҳамда ишлаб чиқариш кооперациясини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади.
Инвестициявий ҳамкорлик ҳам изчил ривожланмоқда. Агар 2017 йилда Ўзбекистонда Беларусь капитали иштирокида атиги 22 та корхона фаолият юритган бўлса, бугун уларнинг сони 258 тага етди. Улардан 63 таси қўшма корхона, 195 таси эса тўлиқ Беларусь капитали иштирокидаги корхоналар ҳисобланади. Шу билан бирга, Беларусда ҳам Ўзбекистон сармояси иштирокида 110 дан ортиқ корхона фаолият кўрсатмоқда.
Иқтисодий шерикликнинг энг муҳим йўналиши саноат кооперациясидир. Айниқса, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасидаги ҳамкорлик муваффақиятли ривожланмоқда. Тошкент вилоятида “Беларусь” тракторларини йиғиш йўлга қўйилган. Нурафшонда Минск трактор заводи билан ҳамкорликда янги ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш долзарб аҳамиятга эга. Электрон логистика тизимларини жорий этиш, чегара тартиб-таомилларини соддалаштириш, темир йўл ва автомобиль ташувларини рақамлаштириш, вагонсозлик ва транспорт инфратузилмаси соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ўзаро товар айланмасини янада оширишга хизмат қилади.
Шу маънода, Президент Шавкат Мирзиёевнинг Беларусга ташрифи нафақат икки давлат муносабатларини янги босқичга олиб чиқади, балки саноат кооперацияси, инвестиция ва ўзаро савдо соҳаларида узоқ муддатли стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси