“News Network Pakistan”: Ўзбекистонда аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирлари халқаро стандартлар асосида ўтказилмоқда
Январ 21, 2026. 14:17 • 2 дақ
• 56
ИСЛОМОБОД, 21 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “News Network Pakistan” электрон нашрида “Президент Шавкат Мирзиёевга аҳолини ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда ёзилишича, Ўзбекистонда демографик жараёнлар, меҳнат ресурслари, ижтимоий инфратузилма ва ҳудудий ривожланишни илмий асосда режалаштириш мақсадида аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари халқаро стандартлар асосида, замонавий рақамли ечимлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда.
“Рўйхатга олиш жорий йилнинг 15 январидан 28 февралигача икки босқичда ўтказилмоқда. 15–31 январь кунлари давом этадиган биринчи босқичда фуқаролар махсус ахборот тизими орқали онлайн рўйхатдан ўтишлари мумкин. Иккинчи босқичда эса 4–28 февраль кунлари “маҳалла еттилиги” ходимлари томонидан уйма-уй юриб, саволномалар планшет қурилмалари орқали тўлдирилади”, – дея маълум қилинган мақолада.
Таъкидланганидек, аҳолини рўйхатга олиш жараёнлари census.stat.uz порталида амалга оширилиб, OneID тизими орқали идентификация қилиниши белгиланган.
Аҳолини хабардор қилиш ва тарғибот ишларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, 110 та тарғибот видеоролиги, 600 та телевизион лавҳа тайёрланди, ижтимоий тармоқда 6,3 мингта, аҳоли гавжум жойлар ва жамоат транспортларида 23 мингдан зиёд ахборот материаллари жойлаштирилди.
“Ўзбекистон Президенти аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш тадбирларини сифатли ўтказиш, маълумотларнинг ишончлилигини таъминлаш ва улардан қарор қабул қилиш жараёнларида кенг фойдаланиш муҳимлигини таъкидлади”, – дея урғуланган мақолада.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси
