Logo

Шанхайдаги Ўзбекистон инвестициялар ва савдони ривожлантириш маркази фаолияти жадаллашади

Март 17, 2026. 16:39 • 2 дақ

134
Шанхайдаги Ўзбекистон инвестициялар ва савдони ривожлантириш маркази фаолияти жадаллашади

ШАНХАЙ, 18 март. /“Дунё” АА/. Хитойнинг Шанхай шаҳридаги Ўзбекистон инвестициялар ва савдони ривожлантириш маркази раҳбари Лю Шуцзюн билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда икки томонлама савдо-иқтисодий, сармоявий, маданий-гуманитар, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қўшма тадбирларни ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ушбу марказ 2025 йил октябрь ойида Бош консулхона ва “Tongda Hangkong Services Co. Ltd” компанияси ҳамкорлигида ташкил этилган. У маҳаллий компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш, ташрифларни ташкил этиш, инвестиция ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш, маданий алмашинувни кенгайтиришга хизмат қилади.

Суҳбат давомида сўнгги йилларда Хитой компанияларининг Ўзбекистонга қизиқиши ортиб бораётгани қайд этилди. Лю Шуцзюн инвестицияларни жалб қилиш ва Хитой бозорида ўзбек маҳсулотларини тарғиб этишга тайёрлигини билдирди.

Шу йил январь ойида марказ учун Шанхайдаги бизнес-марказнинг 18-қаватида 200 квадрат метрлик офис тайёрланди. Бу жойда тақдимотлар, учрашувлар, бизнес-форумлар ва маданий тадбирлар ўтказиш имконияти яратилган.

Ўзбекистоннинг инвестицион ва туризм салоҳиятини тарғиб қилиш мақсадида Хитой онлайн платформаларида алоҳида аккаунтлар ишга туширилди. Уларни мазмунан бойитиш учун зарур материаллар тақдим этиб боришга келишилди.

Бундан ташқари, тиббиёт, энергетика, тоғ-кон ва туризм соҳаларидаги йирик компаниялар вакилларидан иборат делегациянинг 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш