Logo

“The Gulf Observer”: Жадидлар ғоялари Янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳанг

Март 12, 2026. 10:27 • 3 дақ

58
“The Gulf Observer”: Жадидлар ғоялари Янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳанг

ҚОҲИРА, 12 март. /“Дунё” АА/. Покистондаги нуфузли “The Gulf Observer” нашрида “Жадидчилик ҳаракатидан Янги Ўзбекистонгача” сарлавҳали мақолани эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада Ўзбекистон тарихида XIX аср охири ва XX аср бошлари хронологик жиҳатдан нисбатан қисқа бўлсада, мамлакат ривожланишида чуқур аҳамиятга эга давр экани таъкидланган.

Муаллифнинг қайд этишича, ушбу даврда тарих саҳнасида пайдо бўлган ислоҳотчи ва маърифатпарвар жадидчилик ҳаракати фақат таълим, матбуот, адабиёт ва санъат соҳаларидаги ислоҳотлар билан чекланиб қолмаган. Жадидлар Марказий Осиё халқларининг маданий, интеллектуал ва маънавий ҳаётида чуқур ўзгаришларга туртки берди ёки, ҳеч бўлмаганда, бу йўналишда фавқулодда кўламли ва узоқ муддатли аҳамиятга эга ҳаракатларни бошлаб берди.

Нашрда қайд этилишича, жадидчилик ҳаракати аъзолари учун билим фақат диний эмас, балки дунёвий ва замонавий илмларни ҳам қамраб олиши лозим эди. Таълимга бундай яхлит ёндашув ўз даврини тушунадиган, дунё билан алоқада бўла оладиган ва жамиятга хизмат қилишга қодир шахсларни шакллантиришга қаратилган эди. Шу нуқтаи назардан, мактаб миллий ва ахлоқий янгиланишнинг марказий воситасига айланди.

“Ўзбекистон нуқтаи назаридан жадидчилик узилиш эмас, балки Самарқанд ва Бухоро дунёнинг етакчи билим, илм-фан ва санъат марказлари қаторида бўлган Темурийлар даври анъаналари – Амир Темур ва Мирзо Улуғбек мероси билан узвий боғлиқлик сифатида намоён бўлади. Туркистондаги жадидчилик ҳаракати асосан Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива зиёлилари томонидан шакллантирилган”.

“The Gulf Observer” мақоласида ёзилишича, жадидчилик ҳаракати марказида таълим ислоҳоти асосий ўринни эгаллаган. Интеллектуал ислоҳот ҳаракати сифатида жадидизм, айниқса, таълим ва маданият соҳаларида инновацион ва илғор ёндашувларни илгари сурган, шу билан бирга ўз таъсирини кенгроқ ижтимоий тузилмага ҳам ёйган.

Шунингдек ўқинг

“Туркистондаги биринчи жадид мактаблари 1890 йилда Фарғонада ва 1893 йилда Самарқандда очилган. Жадидлар нафақат ижтимоий тузумни ўзгартиришга, балки жамиятнинг маънавий ҳаётини ислоҳ қилиш ва янгилашга ҳам интилишган. Шу мақсадда улар замонавий таълим берувчи мактаблар ташкил этган, шу билан бирга табиий ва экспериментал фанларга бағишланган газеталар, журналлар ва дарсликлар нашр этган”, – дейилади материалда.

Мақолада шунингдек, Марказий Осиёдаги жадидчиликнинг энг кўзга кўринган намоёндалари сифатида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Абдурауф Фитрат, Чўлпон ва бошқалар тилга олинган.

Ўзбекистон жадидчилик меросига катта аҳамият қаратаётган давлат сифатида ажралиб туради. Бугунги кунда ҳам мамлакат ҳукумати жадидчилик ва Темурийлар меросига асосланган ғояларни, хусусан, таълим, замонавийлик, миллий ўзлик ва ёшлар сиёсати соҳаларида изчил давом эттирмоқда. Янги Ўзбекистон бугун Темурийлар ва жадидлар меросининг қонуний давомчиси сифатида намоён бўлмоқда.

“The Gulf Observer” мақоласида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг: “Жадидлар ғоялари Янги Ўзбекистон стратегияси билан ҳамоҳангдир”, – деган фикри ҳам иқтибос сифатида келтирилган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш