Нодирбек Абдусатторов Будапештдаги халқаро шахмат турнирида иштирок этмоқда

Ноябрь 19, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 18
Нодирбек Абдусатторов Будапештдаги халқаро шахмат турнирида иштирок этмоқда

БУДАПЕШТ, 19 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгрия пойтахтида  “Total Chess” ташаббуси билан “Norway Chess” ташкилоти ва Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) кўмагида “Total Chess World Championship Tour Pilot” халқаро шахмат турнири ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мусобақада Норвегия, АҚШ, Германия, Ўзбекистон, Ҳиндистон, Нидерландия, Франция, Польша, Вьетнам, Венгрия, Озарбайжон, Арманистон ва Қозоғистондан 24 нафар шахматчи ҳамда FIDE вакиллари иштирок этмоқда.

Ўзбекистон шарафини жаҳоннинг етакчи шахматчилари сафидан жой олган халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қилаяпти.

Турнир дастури уч йўналиш – “Fast Classic”, “Рапид” ва “Блитз”ни ўз ичига олади. Гуруҳ босқичи 11–15 ноябрь кунлари бўлиб ўтди, ярим финал баҳслари 17–18 ноябрь кунлари ўтказилди, финал учрашувлари эса 19–20 ноябрь кунларига режалаштирилган.

Турнирнинг расмий маросими доирасида Ўзбекистоннинг Венгриядаги элчиси Ойбек Шахавдинов Нодирбек Абдусатторов билан ўтказилган шахмат партиясида рамзий илк юришни амалга оширди.

Элчихона дипломатлари ҳам турнир доирасидаги тадбирларда фаол қатнашиб, ўзбекистонлик гроссмейстерни қўллаб-қувватламоқда. Нодирбек Абдусатторовнинг мусобақадаги иштироки Ўзбекистонни халқаро спорт майдонида муносиб намоён этмоқда.

Ушбу нуфузли турнирнинг Будапештда ўтказилиши етакчи шахматчилар ва халқаро шахмат ҳамжамияти вакилларини бирлаштириб, шахматни оммалаштириш ҳамда мамлакатлар ўртасидаги спорт алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш