Норвегиялик туроператор ҳамюртларини Ўзбекистондаги Ипак йўли хазиналарини кашф этишга чорламоқда
Август 17, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 42
ОСЛО, 17 август. /“Дунё” АА/. Норвегиянинг “Elite Travel” туроператори Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси билан таништиришга бағишланган “Ипак йўли хазиналари” (Silkeveiens skatter) номли махсус сайёҳлик дастурини тақдим этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сайёҳлик йўналиши Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларини қамраб олиб, иштирокчиларга қадимий ва замонавий меъморчилик уйғунлиги, машҳур масжид ва мадрасалар, Буюк ипак йўли даврига оид тарихий ёдгорликлар ҳамда ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган объектлар билан танишиш имкониятини беради.
Дастурда ўзбек халқининг миллий анъаналари ва таомларига алоҳида эътибор қаратилган. Хусусан, сайёҳлар маҳаллий оилалардан бирининг уйида меҳмон бўлади, миллий таомларни тайёрлашда қатнашади. Шу билан бирга, Тошкентдаги машҳур “Чорсу” бозорини айланади, ўзбек халқининг меҳмондўстлиги ва турмуш тарзи билан яқиндан танишади.
Дастурда таниқли халқаро журналист Мортен Странднинг саёҳат раҳбари ва маърузачиси сифатида иштирок этиши турни янада мазмунли ва жозибадор қилишга хизмат қилади.
Мутахассисларнинг фикрича, Ўзбекистонга бағишланган бундай ихтисослаштирилган сайёҳлик дастурларининг йўлга қўйилиши Скандинавия сайёҳларининг мамлакатимиз тарихий ва маданий меросига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Статистик маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида Ўзбекистонга ташриф буюрган норвегиялик сайёҳлар сони 3,6 бараварга ошган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси