“Avrupa Times”: Ўзбекистон ва Иордания маданий мерос ва туризм соҳасида қўшма лойиҳаларни ривожлантирмоқда
Ноябрь 20, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 8
ЛОНДОН, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Буюк Британиянинг “Avrupa Times” янгиликлар порталида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбековнинг “Ўзбекистон ва Иордания: маданият ва санъат орқали кўприклар қуриш” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада таъкидланишича, география жиҳатдан узоқлигига қарамай, Ўзбекистон ва Иорданияни тарих, санъат ва билимга ҳурматга асосланган чуқур маънавий яқинлик боғлаб туради.
Муаллиф гуманитар мулоқотни мустаҳкамлашда 2024 йил октябрь ойида Иордания маликаси Дана Фирас билан бўлиб ўтган учрашув муҳим босқич бўлганини қайд этади. Томонлар қўшма таълим дастурлари, бадиий алмашинувлар, моддий ва номоддий меросни сақлаш лойиҳалари, шунингдек, Ислом омили таълим, фан ва маданият ташкилоти (ICESCO) доирасидаги ҳамкорликни муҳокама қилдилар.
Мақолада иорданиялик санъат арбоблари ва расмий делегацияларнинг Ўзбекистонда ўтказиладиган йирик халқаро форумлардаги иштирокига алоҳида ўрин берилган. Улар қаторида Хива шаҳридаги “Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида” маданий форуми (2021 йил), Халқаро лазги рақс фестивали (2022 ва 2024 йиллар), Зомин шаҳридаги халқаро мақом санъати фестивали (2024 йил), Хивадаги IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали ҳамда Самарқанддаги “Шарқ тароналари” мусиқа фестивали (2025 йил) бор.
Шунингдек, Иордания маданият вазири Мустафо ал-Равашеданинг “Самарқанд – 2025 йил Ислом олими маданий пойтахти” дастурининг очилиш маросимида иштирок этгани ҳам муҳим воқеа сифатида қайд этилди.
Якунда ўзбек-иордан гуманитар алоқаларининг келажаги узоқ муддатли шерикликка ўтишдан иборат экани таъкидланади. Маданий туризм, таълим ва замонавий технологиялар соҳасидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш икки халқнинг кўп асрлик меросини ёш авлод учун долзарб ва жозибали қилиш, маданиятни умумий келажакни қуришдаги мустаҳкам кўприкка айлантириш имконини беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси