“The Azb”: 2017–2025 йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айланмаси қарийб ўн бараварга ўсди
Ноябрь 20, 2026. 11:00 • 3 дақ
• 43
ИСЛОМОБОД, 20 ноябрь. /“Дунё” АА/. Покистонниннг “The Azb” нашрида “Ўзбекистон ва Иордания иқтисодий шерикликнинг янги босқичи сари” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон ва Иордания ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 15 февралда ўрнатилган. Муносабатларнинг янги фаол босқичи 2025 йил август ойида Иордания Қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга давлат ташрифи билан боғлиқ.
Самарқандда бўлиб ўтган учрашувда инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш, қўшма комиссия ташкил этиш, туризм, қишлоқ хўжалиги, олий таълим ва бошқа соҳаларга оид жами 15 та икки томонлама ҳужжат имзоланди. Бу ҳужжатлар кейинги иқтисодий мулоқот учун институционал асос яратди.
Нашрда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ҳолати ҳақида ҳам сўз юритилган. Таъкидланишича, 2017–2025 йилларда Ўзбекистон ва Иордания ўртасидаги товар айланмаси 850 минг доллардан 8,53 млн долларгача, яъни қарийб ўн бараварга ўсди.
Ўзбекистон Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази таҳлилига кўра, Ўзбекистон экспорт салоҳиятига эга бўлган товар гуруҳлари бўйича Иорданиянинг 2025 йилги умумий импорти қарийб 8,9 млрд долларга тенг. Бу Иордания импортининг 31 фоизини ташкил этади ва ўзбек ишлаб чиқарувчилари учун кенг бозор имкониятлари мавжудлигини кўрсатади.
Экспорт географиясини кенгайтиришда маҳсулотларни сертификатлаш, савдо уйлари фаолиятини йўлга қўйиш, маҳаллий дистрибьюторлар билан алоқаларни ривожлантириш ва бизнес-форумлар ташкил этиш муҳим аҳамиятга эга. Бундай ҳамкорлик Ўзбекистон маҳсулотларининг Иордания бозоридаги иштирокини кенгайтиришга хизмат қилади.
Материалда Ўзбекистонда Иордания капитали иштирокида 18 та корхона рўйхатдан ўтгани, уларнинг 4 таси қўшма корхона, 14 таси эса тўлиқ Иордания капитали асосида ташкил этилгани тўғрисидаги маълумотлар ўқувчилар эътиборига тақдим этилган.
Саноат кооперацияси учун тўқимачилик истиқболли йўналишлардан биридир. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган ип-калава ва трикотаж матолари асосида Иордания саноат зоналарида тайёр кийим ишлаб чиқариш имкониятларини ўрганиш мумкин.
Фармацевтика соҳасидаги ҳамкорлик ҳам алоҳида имкониятларга эга. Иордания дори воситалари ишлаб чиқаришда шаклланган саноат базасига эга бўлиб, мамлакатда тайёрланган фармацевтика маҳсулотларининг қарийб 75 фоизи экспорт қилинади.
Ўзбекистон ва Иордания муносабатларида 2025 йилги олий даражадаги музокаралар ва имзоланган ҳужжатлар янги амалий босқич учун асос яратди. 2026 йил ноябрида Амманда ўтказилиши режалаштирилган бизнес-форум ва кўргазма эса икки мамлакат компаниялари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни кенгайтириш имконини бериши кутилмоқда.
Материал хулосасида қайд этилишича, савдо турларини кенгайтириш, тўғридан-тўғри шартномаларни кўпайтириш ва қўшма саноат лойиҳаларини ривожлантириш иқтисодий шерикликнинг истиқболли йўналишларидир. Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш салоҳияти ва Иорданиянинг ташқи савдо ҳамда саноат тажрибаси икки мамлакат учун янги иқтисодий имкониятлар очади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси