Дунай дарёсининг саёзлашиши Венгрия, Руминия ва Сербияда электр энергияси ишлаб чиқариш камайишига олиб келмоқда

Август 03, 2026. 17:05 • 3 дақ

53
Дунай дарёсининг саёзлашиши Венгрия, Руминия ва Сербияда электр энергияси ишлаб чиқариш камайишига олиб келмоқда
“BBC” сурати

ТОШКЕНТ, 3 август. /“Дунё” АА/. Венгрияда 44 йиллик фаолияти давомида илк бор мамлакат электр энергияси ишлаб чиқаришининг деярли ярмини таъминлайдиган “Paksh” атом электр станциясини тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қарор қабул қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “BBC” ахборот порталига таяниб.

Бундай мисли кўрилмаган қарорга реакторларни совитиш учун зарур бўлган сув танқислиги сабаб бўлган. Станция фаолияти тўхтатилишидан аввал ўзининг лойиҳавий қувватининг атиги 10 фоизида ишлаётган эди.

Венгрия Бош вазири Петер Мадьярнинг айтишича, ҳаво ҳарорати 40 даражагача кўтарилиши кутилаётгани сабабли, мамлакатни бир неча оғир кунлар кутмоқда. Унинг сўзларига кўра, АЭС фаолиятининг тўхтатилиши миллий энергетика тизимига тушадиган юкламани сезиларли даражада оширади ва электр энергияси истеъмолини чеклаш бўйича чоралар кўришни тақозо этади.

Ҳукумат аллақачон бир қатор йирик саноат корхоналари, жумладан, “MOL” нефть компанияси, “Audi” автомобиль йиғиш заводи ва “Samsung”нинг аккумулятор ишлаб чиқариш корхонасига энергия истеъмолини камайтириш мажбуриятини юклаган. Бундан ташқари, тиғиз соатларда юк поездлари ҳаракати тўхтатиб турилади, давлат хизматчилари масофавий иш режимига ўтказилади, биноларнинг меъморий ёритгичлари ва кўча чироқларининг бир қисми ўчириб қўйилади. Шу билан бирга, расмийлар аҳоли учун чекловлар энг охирги навбатда жорий этилишига ишонтирган.

Қўшни Руминияда ҳам мураккаб вазият юзага келмоқда. Мамлакатда электр энергияси ишлаб чиқаришнинг қарийб 20 фоизини таъминлайдиган “Chernavode” АЭС фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун ҳарбийлар станциянинг совутиш тизимига қўшимча сув йўналтириш мақсадида назорат остида портлашларни амалга оширди. Мавжуд икки реактордан бири аллақачон тўхтатилган ва сув сатҳининг янада пасайиши иккинчи энергоблокнинг ҳам тўхташига олиб келиши мумкин.

Шунингдек ўқинг

Сербияда ҳам қурғоқчилик оқибатлари жиддий бўлди. Мамлакатнинг иккита энг йирик гидроэлектр станцияси ишлаб чиқаришни одатдаги даражадан 20–30 фоизгача қисқартирди, бу эса электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг сезиларли даражада камайишига сабаб бўлди.

Таъкидланишича, энергетика соҳасидаги қийинчиликлар энергетика инфратузилмаси мунтазам ҳужумларга учраб турган Украинага Венгрия ва Руминиядан электр энергияси экспорти давом этаётгани фонида алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ БМТ бош котиби Антониу Гутерриш сайёрамиз мисли кўрилмаган жазирама даврига кираётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Жаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, яқин ойларда Эль-Ниньо ҳодисасининг кучайиши янги ҳарорат рекордларига, қурғоқчилик, сув тошқинлари ва ўрмон ёнғинларининг авж олишига олиб келиши мумкин.

БМТ раҳбари ҳукуматларни аҳолини ҳимоя қилиш, инфратузилмани ҳаддан ташқари иссиққа мослаштириш чора-тадбирларини тезлаштиришга ва иқлим ўзгаришига қарши кураш саъй-ҳаракатларини фаоллаштиришга чақирди.

“BBC” сурати

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш