Ўзбекистон Президентининг Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқоти иштирокчиларига мурожаати
Ноябрь 06, 2026. 18:40 • 3 дақ
• 57
(2026 йил 6 ноябрь)
Ҳурматли форум иштирокчилари!
Сизларни Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс биринчи экспертлар мулоқотининг очилиши билан самимий қутлайман.
Аввало, Ўзбекистоннинг ташаббусини қўллаб-қувватлаганингиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратаётган эътиборингиз учун миннатдорлик билдираман.
Бугунги тадбирда ШҲТга аъзо давлатлар, кузатувчи ва мулоқот бўйича шерик мамлакатларнинг махсус хизматлари раҳбарлари ва вакиллари иштирок этаётгани замонавий таҳдид ва хавф-хатарларга қарши курашишда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш борасидаги умумий манфаатдорликдан далолат беради.
Бу йил Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ташкил этилганининг 25 йиллигини нишонламоқда. Чорак асрлик шаклланиш ва ривожланиш жараёнида ташкилот халқаро ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича қўшма ёндашувларни ишлаб чиқишда самарали майдонга айланди.
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг ҳаммуассиси бўлган давлат сифатида унинг барқарорликни сақлаш ва инклюзив тараққиётни таъминлаш мақсадида аъзо давлатларни бирлаштирувчи кўптомонлама ноёб платформа сифатидаги ролини янада кучайтириш ва фаолиятини кенгайтиришга алоҳида аҳамият беради.
Азиз меҳмонлар!
Ҳозирги кунда геосиёсий кескинликнинг кучайиши, қарама-қаршиликларнинг чуқурлашиши ва қуролли можароларнинг авж олиши, афсуски, дунёдаги вазиятнинг асосий хусусиятлари бўлиб қолмоқда.
Ахборот хавфсизлигини таъминлаш, муҳим инфратузилмаларни ҳимоя қилиш ва давлатнинг бузғунчи таъсирларнинг янгича шаклларига нисбатан барқарорлиги масалалари янада долзарб бўлиб бормоқда.
Бугун биз трансмиллий таҳдидларнинг табиати чуқур ўзгариб бораётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва глобал коммуникация воситаларининг шиддат билан ривожланиши нафақат тараққиёт учун кенг имкониятлар очмоқда, балки мутлақо янги муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.
Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, кибермакон анъанавий усуллар билан бирга тармоқ орқали ҳужумлар уюштирилаётган, жамоатчилик онгини бошқариш ва ёлғон ахборот тарқатиш каби воситалар тобора фаол қўлланаётган асосий тўқнашувлар майдонига айланди.
Террорчи ташкилотлар рақамли муҳитдан фойдаланаётгани жиддий ташвиш уйғотади. Интернет платформалари радикал ғояларни тарғиб қилиш, янги тарафдорларни ўз томонига оғдириш, молиявий маблағлар тўплаш ҳамда давлат чегараларини тан олмайдиган экстремистик бирлашмаларни шакллантириш воситасига айланиб бормоқда.
Бундай шароитда айниқса ёшлар аҳолининг энг заиф тоифаси бўлиб қолмоқда. Бузғунчи кучлар ёшлар онгига мақсадли равишда таъсир кўрсатиб, уларни ўз жамоаларига жалб этмоқда, ижтимоий зиддиятлардан фойдаланмоқда ва тоқатсизлик ғояларини тарқатмоқда.
Бундай жараёнлар миллатлараро ва динлараро тотувликка путур етказиши, ижтимоий-сиёсий вазиятни беқарорлаштиришга олиб келиши мумкин.
Шу боис юзага келаётган можароларга нафақат тезкор муносабат билдириш, балки хавф-хатарларнинг олдини олиш – уларни аниқлаш, ўзаро ахборот алмашиш, хавфсизликни таъминлаш борасида миллий салоҳиятни мустаҳкамлаш ва ўзаро келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш лозим.
Ишончимиз комил, ҳеч бир давлат чегара билмайдиган таҳдидларга якка ўзи тўлиқ қарши тура олмайди. Бу эса, табиий равишда, халқаро ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва биргаликда иш олиб боришнинг амалий механизмларига бўлган талабни кучайтиради.
Қадрли дўстлар!
Ташкилот учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу йилда сизларга мурожаат қилиб, таъкидламоқчиманки, ШҲТнинг янги таҳдидларга ўз вақтида жавоб бериш ва янада барқарор дунёни шакллантиришда самарали иштирок этишга қодир бўлиши кўп жиҳатдан махсус хизматларнинг яқин ҳамкорликда иш олиб боришига боғлиқ.
Бугунги мулоқот сизларга нафақат долзарб таҳдид ва хавф-хатарларни ҳар томонлама муҳокама қилиш, балки халқларимизнинг хавфсизлиги ва давлатларимизнинг барқарор тараққиётини таъминлашга қаратилган ҳамкорликнинг амалий йўналишларини белгилаб олиш имконини беради, деб ишонаман.
Форумнинг барча иштирокчиларига самарали фаолият олиб боришлари ва Ўзбекистондаги учрашувлари мазмунли ўтишини тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси