Миср матбуоти: Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятини маданий-тарихий меросни асраб-авайлаш атрофида бирлаштирмоқда
Ноябрь 06, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 19
ҚОҲИРА, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мисрнинг нуфузли “See.news” ахборот порталида “ЮНЕСКО Ижроия кенгаши Ўзбекистоннинг маданий меросни ҳимоя қилиш борасидаги ташаббусини бир овоздан маъқуллади” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрда қайд этилишича, Парижда бўлиб ўтган ЮНЕСКО Ижроия кенгашининг 225-сессиясида глобаллашув ва иқлим ўзгариши шароитида маданий меросни сақлаб қолиш чора-тадбирлари самарадорлигини ошириш бўйича Ўзбекистоннинг қарор лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Мазкур ташаббус Президент Шавкат Мирзиёев томонидан ЮНЕСКО Бош конференциясининг Самарқанд шаҳрида ўтказилган 43-сессиясида илгари сурилган эди.
Мақолада таъкидланганидек, мазкур ҳужжат маданий меросни иқлим ўзгариши, табиий офатлар ва урбанизация таъсиридан ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, шунингдек, хавф-хатарларни бошқариш механизмларини такомиллаштириш ҳамда тажриба алмашишни кенгайтиришга қаратилган. Шу билан бирга, 2027 йилда Хива шаҳрида халқаро симпозиум ўтказиш таклифи маъқуллангани ҳамда унинг якунлари бўйича амалий тавсиялар тайёрланиши режалаштирилгани алоҳида қайд этилган.
Портал қарор лойиҳасига Хитой, Испания, Греция, Португалия, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари бошчилигидаги 54 та мамлакат ҳаммуаллифлик қилганига урғу қаратган. Делегациялар ушбу таклифнинг ғоят долзарб ва ЮНЕСКО устувор йўналишларига тўла мос эканини эътироф этиб, Ўзбекистоннинг симпозиумни Хивада қабул қилишга тайёрлигини тажриба алмашиш ва умумий ечимларни ишлаб чиқиш учун муҳим имконият сифатида баҳолаганлар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси