Тошкент шаҳрида ҳаво сифати “яшил” даражага етди
Ноябрь 06, 2026. 18:00 • 2 дақ
• 22
ТОШКЕНТ, 6 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон пойтахтида атмосфера ҳавоси сифати Махсус комиссия томонидан доимий равишда назорат қилиб борилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Хусусан, 6 ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрида ҳаво сифати кечки соатларда ёмонлашди. Соат 20:00 дан бошлаб ҳаво сифати Халқаро ҳаво сифати индекси (AQI) бўйича “носоғлом” даражага етди. Ярим тундан кейин эса ҳаво сифати яхшиланиб, тонги соатларда “ўртача” даражада кузатилди. Миллий ҳаво сифати индекси бўйича шаҳарнинг ўртача кўрсаткичи ярим тунгача “сариқ”, сўнг “яшил” даражада бўлди.
Кечки соатларда кучсиз шамол маҳаллий ва қўшни ҳудудларда шаклланган атмосфера ташламалари ҳамда заррачаларнинг тарқалишини чеклаб, уларнинг ер юзасига яқин қатламда сақланиб қолишига шароит яратди. Ярим тундан кейин шарқдан илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши, шамол тезлигининг кучайиши ҳамда ҳаво алмашинувининг яхшиланиши натижасида атмосфера заррачалари тарқалиб, ҳаво сифати сезиларли даражада яхшиланди.
Шунингдек, “Экологик мониторинг миллий маркази” давлат муассасаси мутахассислари томонидан Тошкент шаҳри ва Қибрай туманида ҳаво сифати ҳолати бўйича инструментал ўлчовлар ўтказилди.
Прогнозларга кўра, 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ҳаво сифати Халқаро AQI бўйича асосан “сезгир гуруҳлар учун носоғлом”, миллий индекс бўйича эса асосан “яшил”, айрим муддатларда эса “сариқ” даражада бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси маълумотларига кўра, ҳозирги вақтда атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, Қўмитанинг экополиция ходимлари томонидан фуқаролардан келиб тушган мурожаатлар асосида белгиланган тартибда Тошкент шаҳридаги масъулияти чекланган жамият шаклидаги корхона фаолияти ўрганилди. Корхона томонидан бир қатор экологик талабларга риоя қилинмагани аниқланиб, тегишли чоралар кўрилди ва масъулларга зарур кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, пойтахтдаги яна бир қурилиш объектида жиддий экологик қонунбузарликлар аниқланиб, тегишли чоралар белгиланди. Шунингдек, брифинг ўтказилиб, ўсимликлар қолдиқларини ёқишнинг салбий оқибатлари ва бундай ҳуқуқбузарликлар учун қатъий жавобгарлик чоралари белгилангани ҳақида кенг жамоатчиликка батафсил маълумот берилди.
Ҳозирги вақтда рейд ва назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси