Ўзбекистонлик ҳамшираларни АҚШ тиббиёт муассасаларига жалб этиш масаласи муҳокама қилинди

Август 07, 2026. 13:00 • 2 дақ

61
Ўзбекистонлик ҳамшираларни АҚШ тиббиёт муассасаларига жалб этиш масаласи муҳокама қилинди

СИЭТЛ, 7 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Сиэтл шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари АҚШнинг инсон капитали ва кадрлар таъминоти соҳасидаги йирик компанияларидан бири – “Korn Ferry” раҳбарияти билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда компаниянинг Яқин Шарқ ва Африка бўйича соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари йўналиши ҳамкори Суэллен Томлинсон, глобал соғлиқни сақлаш хизматлари йўналиши вакили Митул Моди ҳамда “Korn Ferry Health”нинг операцион директори Лиз Бикли иштирок этди.

Музокараларнинг асосий мавзуси ўзбекистонлик ҳамшираларни АҚШ тиббиёт тизими талабларига мувофиқ қўшимча тайёрлаш, сертификатлаш ва лицензиялаш, уларни Америка соғлиқни сақлаш муассасаларига тартибли, хавфсиз ва ўзаро манфаатли асосда жалб этиш имкониятлари бўлди.

АҚШ вакилларига Ўзбекистонда ташқи меҳнат миграциясини тизимли ташкил этиш, хорижий иш берувчилар билан марказлашган ҳамкорликни йўлга қўйиш, мутахассисларни мақсадли тайёрлаш ҳамда уларнинг хориждаги ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Компания ходимлари АҚШ соғлиқни сақлаш тизимида ҳамширалар ва ёрдамчи клиник-техник мутахассисларга эҳтиёж мавжудлигини таъкидлади. Қатор тиббиёт тизимлари халқаро ишчиларни ёллашга очиқлиги, айниқса клиник тайёргарлиги ва инглиз тили даражаси юқори бўлган, лицензиялаш талабларига жавоб берувчи хорижий мутахассисларга талаб катта экани қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

“Korn Ferry” раҳбарияти Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббусга катта қизиқиш билдирди ҳамда уни АҚШдаги манфаатдор тиббиёт тизимлари, иш берувчилар ва ҳамширалик таълими муассасалари билан муҳокама қилишга тайёрлигини маълум қилди.

Музокараларда “Korn Ferry” томонидан салоҳиятли иш берувчиларнинг кадрларга бўлган аниқ эҳтиёжи, талаб қилинадиган мутахассисликлар, номзодларнинг малака даражаси ва тайёргарлик мезонларини ўрганишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва АҚШдаги ҳамшираларни тайёрлаш тизимлари ўртасидаги тафовутларни, жумладан, тил, клиник тайёргарлик, малакани тан олиш, лицензиялаш ва иммиграция талабларини қиёсий таҳлил қилиш режалаштирилди.

Томонлар лойиҳани дастлаб кичик пилот гуруҳ билан бошлаш, унинг натижалари ва АҚШ иш берувчиларининг талабларидан келиб чиқиб, ўзбекистонлик ҳамшираларни жалб этиш кўламини босқичма-босқич кенгайтириш истиқболли эканини қайд этди.

1969 йилда Лос-Анжелесда ташкил этилган “Korn Ferry” бугунги кунда 50 дан ортиқ мамлакатда фаолият юритади. Компания ташкилотларни ривожлантириш, раҳбар ва мутахассисларни танлаш, халқаро ва оммавий кадрлар ёллаш ҳамда инсон капиталини бошқаришга ихтисослашган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш