Анқарада ватандошлар билан мавжуд муаммолар, ечимлар ва янги ташаббуслар муҳокама қилинди
Август 04, 2026. 19:00 • 2 дақ
• 149
АНҚАРА, 4 август. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Анқарадаги элчихонаси ҳамда “Ўзбегим” хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамияти ҳамкорлигида ушбу давлатда меҳнат қилаётган ватандошлар билан учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда ҳамюртларимизни қийнаб келаётган долзарб муаммолар муҳокама қилиниб, консуллик хизматларидан фойдаланиш тартиби ва ҳуқуқий масалалар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбир иштирокчиларига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, ташқи меҳнат миграцияси соҳасида сўнгги йилларда қабул қилинган қарорлар ва фармонлар хусусида маълумот берилди. Хорижда меҳнат қилаётган ватандошларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот давомида Туркия Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Миграция бош бошқармасининг “Göçbil” ахборот тизими ҳақида сўз юритилди. Тизимдан фойдаланиш тартиби, талаб этиладиган ҳужжатлар рўйхати, яшаш рухсатномаси (ikamet)ни расмийлаштириш ҳамда уни узайтириш муддатлари бўйича фикр-мулоҳаза алмашилди.
Мазкур тизимдан фақат расмий веб-сайт орқали фойдаланиш, турли воситачилар хизматларидан фойдаланиш натижасида юзага келиши мумкин бўлган ноқонуний ҳолатлар ва молиявий зарарларнинг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Суҳбат чоғида юртдошларнинг мурожаатлари тингланиб, уларнинг ҳуқуқий саволларига жавоблар берилди. Жумладан, иш берувчилар томонидан иш ҳақини ололмаётган 4 нафар фуқаро ҳамда оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 8 нафар фуқаронинг мурожаатлари белгиланган тартибда қабул қилиниб, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан амалий ишлар бошланди.
Иштирокчилар хорижда истиқомат қилаётган ўзбек хотин-қизларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида чет элга чиқиш паспортини расмийлаштириш жараёнида профилактик тушунтириш ишларини кучайтириш таклифини билдирди.
Хусусан, масъул ходимлар томонидан инсон савдоси, оилавий низолар, ажримларга олиб келувчи омиллар ҳамда хорижда юзага келиши мумкин бўлган бошқа ижтимоий-ҳуқуқий хавфлар ҳақида тизимли равишда тушунтириш суҳбатларини ўтказиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси