Узоқ Шарқ корхонаси Ўзбекистон фуқароларини уюшган меҳнат фаолиятига жалб қилишдан манфаатдор

Август 06, 2026. 19:00 • 2 дақ

202
Узоқ Шарқ корхонаси Ўзбекистон фуқароларини уюшган меҳнат фаолиятига жалб қилишдан манфаатдор

ВЛАДИВОСТОК, 6 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонасида Россиянинг “1470 УМТО” АЖ директори Игорь Темчихин билан учрашув ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Учрашувда ватандошларимизни ишга жалб этиш ва улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Корхона вакиллари темир-бетон буюмлари ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ йўналишлар, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳамда мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида маълумот берди.

Игорь Темчихин таъкидлашича, айни пайтда корхона қатор йўналишлар бўйича малакали кадрларга эҳтиёж сезмоқда. Унинг фикрича, корхона Ўзбекистон фуқароларини ишга жалб этишдан манфаатдор. Шу муносабат билан у Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдириб, ишчиларни танлаш ва йўналтириш жараёнида амалий кўмак кўрсатиш масаласида мурожаат қилди.

Шунингдек ўқинг

Бош консулхона дипломатлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан хорижда меҳнат қилаётган фуқароларни ижтимоий, ҳуқуқий, моддий ва маданий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, фуқароларни хорижда қонуний равишда ишга жойлаштириш тартиби ҳақида маълумот берди.

Корхона вакилларига Миграция агентлиги билан ҳамкорлик ўрнатиш тартиби, тегишли келишув лойиҳасининг асосий қоидалари ҳамда шерикликни расмийлаштириш учун зарур ҳужжатлар тўпламига қўйиладиган талаблар тушунтирилди.

Учрашув якунида “1470 УМТО” АЖ томонидан Ўзбекистон томонига белгиланган тартибда меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур ҳужжатлар илова қилинган расмий мурожаат йўллаш бўйича келишувга эришилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш