Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги янги уч томонлама музокаралар санаси эълон қилинди
Ноябрь 03, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 100
ВАШИНГТОН, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. АҚШ Президентининг махсус вакили Стив Уиткофф Россия, АҚШ ва Украина ўртасидаги уч томонлама музокараларнинг янги давраси 10–11 ноябрь кунлари Америка воситачилигида Абу-Дабида бўлиб ўтишини эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Унинг сўзларига кўра, учрашувлар Дональд Трамп маъмуриятининг Украинадаги урушга барҳам бериш бўйича саъй-ҳаракатлари доирасида ишчи гуруҳлар даражасида ўтказилади.
“Муҳокамалар урушдан кейинги хавфсизлик масалалари, кескинликни юмшатиш, гуманитар ташаббуслар ҳамда тинчликка эришиш йўлидаги кейинги қадамларга қаратилади”, – деб ёзди у Х ижтимоий тармоғида.
Бундан ташқари, жорий ҳафтада АҚШ вакиллари Брюсселда Франция, Германия, Буюк Британия, Европа Иттифоқи ва НАТО вакиллари билан музокаралар ўтказади. Украина учун хавфсизлик кафолатлари, Европанинг бўлажак хавфсизлик архитектураси ҳамда мамлакатни тиклашни иқтисодий қўллаб-қувватлаш масалалари асосий мавзулар бўлади.
Стив Уиткофф ўзининг Киев, Осло ва Санкт-Петербургда бўлиб ўтган аввалги учрашувлари натижаларини инобатга олган ҳолда, музокаралар жараёнида кейинги силжишларга эришилишига умид билдирди.
Аввалроқ Россия Президенти ёрдамчиси Юрий Ушаков Владимир Путин ноябрь ойининг биринчи ярмида АҚШ ва Украина иштирокидаги уч томонлама музокараларни қайта тиклашга тайёрлигини билдиргани ҳақида хабар берган эди. У бу ҳақда Россия етакчисининг 21 октябрь куни Санкт-Петербургда Стив Уиткофф билан бўлиб ўтган учрашуви якунлари бўйича маълум қилган.
Юрий Ушаковнинг таъкидлашича, Россия ва Украина учун хавфсизлик кафолатлари тизимини шакллантириш бўлажак музокараларнинг асосий мавзуларидан бирига айланиши лозим.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси