Будапештдан муносабат: ТДТ саммити Ўзбекистоннинг туркий ҳамкорликка иқтисодий мазмун бағишлаётганини намоён этди

Ноябрь 03, 2026. 19:00 • 2 дақ

• 16
Будапештдан муносабат: ТДТ саммити Ўзбекистоннинг туркий ҳамкорликка иқтисодий мазмун бағишлаётганини намоён этди

БУДАПЕШТ, 3 ноябрь. /“Дунё” АА/. Венгрия Халқаро муносабатлар институтининг етакчи илмий ходими Шандор Шеремет “Дунё” ААга берган интервьюсида Ўзбекистон Президентининг Анқарада бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)нинг 13-саммитидаги иштироки юзасидан ўз фикрларини билдирди:

– ТДТнинг 13-саммити Ўзбекистоннинг туркий ҳамкорликка янада салмоқли иқтисодий мазмун бағишлашга бўлган интилишини намоён этди. Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари ташкилотни сиёсий мулоқот ва маданий бирдамлик майдонидан саноат кооперацияси, инвестицияларни жалб этиш ва ўзаро транспорт боғлиқлигини ривожлантириш механизмига айлантиришга қаратилган.

Бунинг учун иқтисодий шарт-шароитлар етарли: Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо давлатлар, жумладан, кузатувчи мақомидаги Туркманистон ва Венгрия билан товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 4,13 миллиард АҚШ долларидан 2025 йилга келиб 10,82 миллиард долларга етди.

Савдо йўналишида импорт улушининг устунлиги билан боғлиқ номутаносиблик сақланиб қолмоқда. Шу боис мамлакат учун ўз ишлаб чиқариш қувватларини ривожлантириш, қўшилган қиймат занжирларини яратиш ва тайёр маҳсулотлар билан халқаро бозорларга чиқиш муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек ўқинг

Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган, юзта қўшма инвестициявий ва саноат лойиҳасини, ноёб минералларни қайта ишлаш ҳамда “яшил” энергетика учун ускуналар ишлаб чиқариш соҳаларидаги лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи “Туркий дунё – 100” дастури айни шу мантиққа мос келади. Ташаббусларни Туркий инвестиция жамғармаси ҳамда халқаро молия институтларини жалб этиш ҳисобига молиялаштириш кўзда тутилган.

Транспорт боғлиқлигини ривожлантириш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Туркий давлатларнинг биргаликда бошқариладиган логистика мажмуалари тармоғини барпо этиш Ўрта йўлакни тўлақонли иқтисодий тизимга айлантиришга хизмат қилади. “Global Gateway” ташаббуси доирасида Европа Иттифоқи ҳам уни ривожлантиришдан манфаатдор.

Ўзбекистон учун Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши ва Трансафғон йўналиши истиқболлари алоҳида аҳамиятга эга. Уларнинг Ўрта йўлак билан интеграциялашуви мамлакатнинг транзит ва ишлаб чиқариш хаби сифатидаги имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши мумкин.

“ТДТ плюс” ташаббуси ҳам эътиборга молик. Зеро, у ташқи ҳамкорларни аниқ иқтисодий лойиҳаларга жалб этишни назарда тутади ва ташкилотнинг ёпиқ геосиёсий блокка айланиб қолишининг олдини олишга имкон беради.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш