Дюсселдорфда Ўзбекистон–Германия иқтисодий ҳамкорлигининг янги истиқболлари муҳокама қилинди

Май 25, 2026. 15:25 • 3 дақ

46
Дюсселдорфда Ўзбекистон–Германия иқтисодий ҳамкорлигининг янги истиқболлари муҳокама қилинди

ДЮССЕЛДОРФ, 25 май. /“Дунё” АА/. Дюсселдорф Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида палата президенти Андреас Шмитс 2025 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга қилган ташрифи ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди. У мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, бозорнинг эркинлаштирилиши ва қулай сармоявий муҳитнинг яратилиши хорижий компаниялар учун жозибадор шароитлар шакллантираётганини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон минтақанинг асосий иқтисодий марказларидан бири сифатидаги ўз мавқеини мустаҳкамлаб бормоқда.

Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консули Мираншоҳ Раупов учрашув ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди. У сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилгани, савдо, сармоя, туризм ва миграция соҳаларидаги ҳамкорлик эса янгича мазмун касб этаётганини таъкидлади.

Андреас Шмитс суҳбат чоғида палатанинг немис бизнесини Ўзбекистондаги сармоявий имкониятлар ҳақида хабардор қилиш ҳамда Ўзбекистон бозорига киришни режалаштираётган компанияларга кўмаклашиш борасидаги фаолияти тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, у ноябрь ойида Дюсселдорфда Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон компаниялари иштирокида бизнес-форум ўтказиш режалаштирилаётганини маълум қилди.

Мулоқот давомида Ўзбекистон томони мамлакатнинг сайёҳлик салоҳиятини ривожлантириш ва маданий меросини хорижда тарғиб қилиш масалаларига эътибор қаратди. Жорий йилнинг март ойидан бошлаб Ўзбекистон ва Германия ўртасида парвозларни амалга оширувчи авиакомпаниялар сони биттадан учтага кўпайгани, немис сайёҳлари оқими эса ўтган йилга нисбатан 50 фоизга ошгани қайд этилди.

Шунингдек ўқинг

Савдо-саноат палатаси президенти Тошкентнинг замонавий қиёфаси ва Буюк ипак йўли бўйидаги тарихий шаҳарлар немис сайёҳлари учун катта қизиқиш уйғотишини таъкидлади. У, шунингдек, туризм соҳасида рақамли технологиялар ва онлайн тарғиботдан фойдаланиш самарадорлигини эътироф этди.

Меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорлик муҳокамаларнинг алоҳида йўналиши бўлди. Мираншоҳ Раупов Германия меҳнат бозори учун мутахассислар тайёрлаш лойиҳалари ва талаб юқори бўлган касблар бўйича касб-ҳунарга ўқитиш дастурлари ҳақида маълумот тақдим этди.

Германия томони, агар немис тилини биладиган ва ишга жойлашишга тайёр мутахассислар ҳақида маълумот бўлса, палата бизнес вакиллари билан биргаликда уларни ишга ёллаш имкониятларини кўриб чиқишга тайёр эканини билдирди.

Музокаралар якунида томонлар қўшма бизнес-тадбирлар шаклидаги ҳамкорликни давом эттиришга ҳамда Дюсселдорфда жойлашган компанияларга ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишнинг амалий механизмларини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш