Покистон компанияси Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотлари логистика хабини ташкил этади
Май 25, 2026. 09:25 • 3 дақ
• 44ИСЛОМОБОД, 25 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг йирик фармацевтика компанияларидан бири – «Shaigan Pharma» фаолияти билан танишди ва компания раҳбари Вахид Аҳмед билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида, аввало, компаниянинг замонавий ишлаб чиқариш жараёнлари, мавжуд технологик қувватлари, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари ҳамда экспорт салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Элчи корхонада дори воситалари ва витамин комплексларини ишлаб чиқариш жараёни, сифат назорати тизими ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлик масалалари билан ҳам танишди. Компаниянинг илмий-тадқиқот ва инновацион фаолияти, янги маҳсулотлар ишлаб чиқиш борасидаги тажрибаси юқори баҳоланди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистонда фармацевтика соҳасини жадал ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ва юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, «Tashkent Pharma Park» инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластери ҳудудида хорижий инвесторлар учун тақдим этилаётган имтиёзлар, солиқ ва божхона енгилликлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш учун мавжуд имкониятлар хусусида сўз юритилди.
Томонлар маҳсулотларни маҳаллийлаштириш, экспортга йўналтирилган қўшма ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистон орқали Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бозорларига чиқиш истиқболларини муҳокама қилдилар. Айниқса, Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, ривожланаётган транспорт-коммуникация тармоқлари ва минтақавий логистика маркази сифатидаги имкониятлари алоҳида таъкидланди.
Мулоқот давомида, шунингдек, «Shaigan Pharma» компанияси иштирокида Ўзбекистонда замонавий логистика хабини ташкил этиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, мазкур логистика маркази орқали компания маҳсулотларини Марказий Осиё мамлакатлари ва МДҲ ҳудудига тезкор ва самарали етказиб бериш имконияти яратилади. Бу эса, ўз навбатида, икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Компания раҳбарияти мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон билан амалий ҳамкорликни кенгайтиришга катта қизиқиш билдирди. Шу муносабат билан, жорий йилнинг июль ойида Ўзбекистонга бизнес-миссия билан ташриф буюришга тайёр эканликлари маълум қилинди. Ташриф доирасида Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбарияти билан истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилиш ва фармацевтика корхоналари, инвестиция ва логистика объектлари билан танишиш режалаштирилмоқда.
«Shaigan Pharma» компанияси 1993 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда Покистоннинг етакчи фармацевтика ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Компания томонидан 200 дан ортиқ турдаги фармацевтика маҳсулотлари, жумладан, витаминлар, озуқа қўшимчалари, антибиотиклар ва бошқа дори воситалари ишлаб чиқарилади. Корхона маҳсулотлари Африка давлатлари, АҚШ, Канада, Афғонистон, Шри-Ланка, Бангладеш ва бошқа қатор мамлакатларга экспорт қилинмоқда. Компаниянинг халқаро бозордаги муваффақиятли фаолияти унинг юқори сифат стандартлари ва замонавий ишлаб чиқариш технологияларига таянаётганини кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Тошкент шаҳар ҳокимлиги вакиллари Финляндия ва Эстониянинг илғор тажрибасини ўрганди





