Покистонда худкуш-террорчининг поездни портлатиши оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди
Май 25, 2026. 12:15 • 2 дақ
• 109
КВЕТТА, 25 май /“Дунё” АА/. Покистоннинг жануби-ғарбидаги Балужистон вилоятида йўловчи поездида бомба портлатилиши оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди, 70 нафарга яқин киши жароҳатланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бу ҳақда вилоят ҳукумати ва хавфсизлик хизматларининг уч нафар вакили “Reuters” агентлигига шахси сир қолиши шарти билан маълум қилди.
Уларнинг маълумотларига кўра, поездда Покистон хавфсизлик кучлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари бўлган. Воқеа вилоят пойтахти Кветтада, таркиб узоқ масофали поездга ўтиш учун йиғилиш пунктидан жўнаб кетаётган вақтда содир бўлган.
Портлаш темир йўл излари яқинида юз берган. Портлаш оқибатида учта вагон рельсдан чиқиб кетган, яна иккита вагон ағдарилган. Хавфсизлик кучлари ҳудудни ўраб олди, қутқарув ишлари давом этмоқда.
Хавфсизлик хизмати вакилининг сўзларига кўра, портловчи моддалар билан тўлдирилган автомобиль турар жой даҳасида поезд қисмларидан бирига келиб урилган. Қурбонларнинг айримлари яқин атрофдаги уйларда бўлган бўлиши мумкин.
Ҳужум учун масъулиятни “Балужистон озодлик армияси” (БОА) сепаратистик қуролли гуруҳи ўз зиммасига олиб, бу худкуш-террорчи томонидан амалга оширилган теракт эканини маълум қилди.
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф воқеани “даҳшатли бомба портлаши” деб атаб, қоралади ва ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирди. У бутун мамлакат Балужистон халқини қўллаб-қувватлашини таъкидлади.
Эрон ва Афғонистон билан чегарадош Балужистон минтақаси беқарор ҳудуд бўлиб қолмоқда. Сўнгги йилларда бу ерда хавфсизлик кучлари, инфратузилма ва транспортга ҳужумлар кўпайган. Расмийлар жангариларга қарши амалиётлар ўтказмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йил март ойида БОА жангарилари поездни эгаллаб, юзлаб одамларни гаровга олган эди. Ўшанда ҳарбий амалиёт 21 нафар гаровдаги шахс, тўрт нафар ҳарбий хизматчи ва барча 33 нафар ҳужумчининг ўлими билан якунланган.
“Reuters” агентлиги сурати
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




