Ўзбекистон Президенти раислигида Янги Тошкент қурилиши ва кўкаламзорлаштириш ишлари бўйича вазифалар белгиланди
Ноябрь 18, 2026. 20:45 • 4 дақ
• 140
ТОШКЕНТ, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги ишлар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, бир ой аввал Ўзбекистон Президенти Янги Тошкент қурилишини жадаллаштириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб, ишлар натижасини ҳар ой муҳокама қилиб боришга кўрсатма берган эди.
Ўтган ҳафтада қабул қилинган алоҳида фармон билан инвесторлар, тадбиркорлар ва ҳудудлар учун қўшимча имтиёзлар ҳамда янги ташкилий механизмлар жорий этилди.
Йиғилишда ушбу имкониятлардан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш ва мавжуд ташкилий масалаларни тезкор ҳал этиш вазифалари муҳокама қилинди.
Президентимиз Янги Тошкентдаги ишлар мутлақо янгича ёндашув ва қатъий ижро интизоми асосида ташкил этилиши лозимлигини кўрсатиб ўтди.
Тадбиркорлар сармоя киритишга тайёр экани, бунинг учун уларга ортиқча тўсиқларсиз, тезкор ва аниқ ечимлар тақдим этиш зарурлиги таъкидланди. Шу мақсадда ҳар бир инвестиция лойиҳаси бўйича кунлик манзилли назорат ўрнатилиши белгиланди.
Бунда қурилиш майдонларини ўз вақтида тайёрлаш ва инвесторларга зарур шароитларни яратиш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис, ушбу ишлар марказлашган ҳолда Янги Тошкент дирекцияси орқали ташкил этилади.
Инвестиция лойиҳаларининг ўз вақтида амалга оширилиши муҳандислик-коммуникация тармоқларининг тайёрлигига ҳам бевосита боғлиқ.
Давлатимиз раҳбари янги шаҳарда қурилиш ва инфратузилмани ривожлантириш ишлари ўзаро уйғун олиб борилиши шартлигини таъкидлади. Электр энергияси, ичимлик суви, канализация, иссиқлик таъминоти ва йўл тармоқлари объектлар фойдаланишга топширилгунга қадар тайёр бўлиши лозим.
Шу муносабат билан вилоятларга бириктирилган ҳудудларни зарур инфратузилма билан таъминлаш бўйича алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Қолаверса, янги шаҳарнинг меъморий қиёфаси ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вилоятларга бириктирилган ҳудудлар фақат турар жойлар билан чекланиб қолмаслиги, уларда замонавий бизнес ва савдо марказлари, меҳмонхоналар, таълим, тиббиёт, маданият ва спорт объектлари, шунингдек, аҳоли дам олиши учун қулай жамоат масканлари ташкил этилиши зарурлиги таъкидланди.
Ушбу жараёнда ҳар бир иншоот янги шаҳарнинг ягона меъморий концепцияси ва “яшил қурилиш” талабларига тўлиқ мос келиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳудудлар ўртасида замонавий архитектура ечимларини қўллаш, йирик халқаро брендларни жалб қилиш, хиёбонлар ва жамоат жойларини намунали ташкил этиш бўйича соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга ҳам эътибор қаратилди.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ижроси ҳам танқидий кўриб чиқилди.
Жорий йилнинг кузги кўчат экиш мавсуми 8 ноябрдан бошланганига қарамай, айрим ҳудудларда ишлар суст ташкил этилаётгани билдирилди. Хусусан, Тошкент, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида белгиланган режалар ижроси қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.
Шунингдек, баҳорда экилган кўчатларнинг учдан бир қисми нобуд бўлгани, айрим жойларда эса амалда экилмаган кўчатлар ҳисоботларга киритилгани кескин танқид қилинди.
Давлатимиз раҳбари дарахт экишда сон ортидан қувиш эмас, балки кўчатларнинг тутиб кетиши ва узоқ йиллар давомида ўсишини таъминлаш асосий мезон бўлиши лозимлигини таъкидлади.
Бунинг учун ҳар бир ҳудуднинг иқлим ва тупроқ шароитидан келиб чиқиб, сувсизлик, иссиқлик ва шўрланишга чидамли дарахт турларини танлаш, суғориш тизимларини яратиш ҳамда кўчатларни доимий парваришлаш зарурлиги қайд этилди.
Шу билан бирга, кўкаламзорлаштиришда маҳаллий иқлимга мос, парвариши қулай ўсимликлардан кенг фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди. Бунинг учун маҳаллий гул ва манзарали ўсимликларни кўпайтиришга ихтисослашган кўчатхоналар ташкил этиб, сувни кўп сарфлайдиган чим экиш амалиёти ўрнига тожихўроз, райҳон, жамбул каби ўсимликлар ҳамда маҳаллий буталарни экишга устувор эътибор қаратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Ҳар бир маҳаллада аҳоли жон бошига камида уч тупдан дарахт экиш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва мазкур жараёнда маҳалла раислари ҳамда ўрмон хўжалиги ходимларининг масъулиятини кучайтириш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга жорий йилда экиладиган кўчатларнинг камида 90-95 фоизи тутиб кетишини таъминлаш, аввалги йилларда барпо этилган яшил майдонларни сақлаш ва парваришлаш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.
Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси