ТДТ: Умумий тараққиёт ва ҳамкорликнинг янги устувор йўналишлари сари
Октябрь 29, 2026. 08:10 • 8 дақ
• 158
АНҚАРА, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. 29–30 октябрь кунлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев амалий ташриф билан Туркияда бўлиб, Анқара шаҳрида ўтказиладиган Туркий давлатлар ташкилоти саммити тадбирларида иштирок этади, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Бугунги глобал иқтисодий-сиёсий шароитда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ошириш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш ҳамда умумий тарихий меросни асраб-авайлаш халқаро муносабатларнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) туркий халқлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро стратегик шерикликни кенгайтириш ва умумий тараққиёт мақсадларига эришишга хизмат қилувчи муҳим минтақавий тузилма ҳисобланади.
Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги фаол иштироки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган ташаббуслар ва уларни амалга оширишга қаратилган чора-тадбирлар ташкилотнинг амалий салоҳиятини оширишга хизмат қилмоқда.
Айниқса, транспорт-логистика, рақамлаштириш, энергетика, таълим, илм-фан ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш бўйича билдирилаётган таклифлар туркий давлатлар ҳамкорлигининг янги босқичини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
2026 йил 29–30 октябрь кунлари Туркиянинг Анқара шаҳрида ўтказиладиган ТДТнинг 13-саммити мазкур ҳамкорликни янада кенгайтириш, устувор вазифаларни белгилаш ва амалий ташаббусларни янги босқичга олиб чиқишда катта роль ўйнайди.
“Турк асри: тилда, фикрда ва ишда бирлик” мавзусида ўтказиладиган Анқара саммити туркий давлатлар ўртасидаги сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган муҳим кўп томонлама тадбирдир.
Мазкур шиор туркий халқларнинг тил ва маданият муштараклиги, ўзаро ҳамжиҳатлиги ҳамда умумий мақсадлар йўлида биргаликда ҳаракат қилишга интилишини ифода этади. Бу ғоялар Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулла Авлоний ва Абдурауф Фитрат каби ўзбек жадид маърифатпарварларининг миллий уйғониш, илм-маърифат, тил ва маданиятни ривожлантириш, жамият тараққиёти йўлида бирлашиш ҳақидаги қарашлари билан ҳамоҳангдир.
Шу маънода, Анқара саммити туркий халқларни боғлаб турувчи муштарак тарихий-маданий меросга таянган ҳолда давлатлар ўртасидаги бирдамликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишончни ошириш ва кўп томонлама ҳамкорликни аниқ амалий натижалар билан бойитиш учун муҳим имконият яратади.
Саммитда Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Туркия давлатлари раҳбарлари, кузатувчи давлатлар вакиллари ҳамда ТДТнинг тегишли тузилмалари раҳбарлари иштирок этади.
Саммит кун тартибининг асосий мазмуни туркий давлатлар ҳамкорлигининг бугунги ҳолатини баҳолаш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва истиқболдаги вазифаларни белгилашдан иборат бўлади.
Бунда сиёсий мулоқот, савдо-иқтисодий алоқалар, инвестициявий ҳамкорлик, транспорт йўлакларининг самарадорлиги, рақамли технологиялар, энергетика хавфсизлиги ва маданий яқинлик масалалари муҳим ўрин тутиши кутилмоқда.
Туркиядаги йиғилишда якуний декларацияни қабул қилиш, ТДТ Бош котиби ва унинг ўринбосарларини тайинлаш тўғрисидаги қарорларни имзолаш назарда тутилган.
Ташкилот тарихида илк бор Бош котиб лавозимига Ўзбекистон вакилининг тайинланиши мамлакатимизнинг ТДТ доирасидаги ўрни ва нуфузи ортиб бораётганидан далолат беради. Шунингдек, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан 2027 йилни ТДТ доирасида “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш тўғрисидаги ташаббус саммит декларациясида ўз аксини топиши кутилмоқда.
Анқара саммитининг яна бир муҳим жиҳати – туркий давлатларнинг ўзаро бирдамлигини амалий лойиҳалар орқали мустаҳкамлашдир. Зеро, ташкилотнинг самарадорлиги савдо ҳажмининг ўсиши, инвестиция лойиҳаларнинг амалга оширилиши, транспорт жараёнларининг соддалаштирилиши ва аҳоли ўртасидаги алоқаларнинг кенгайиши билан белгиланади.
Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, туркий тилли давлатлар раҳбарларининг биринчи саммити 1992 йил Анқара шаҳрида ўтказилган. Ушбу учрашув туркий давлатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни шакллантиришда муҳим қадам бўлди.
Кейинги саммитлар 1994 йил Истанбулда, 1995 йил Бишкекда, 1996 йил Тошкентда, 1998 йил Остонада, 2000 йил Бокуда, 2001 йил Истанбулда, 2006 йил Анталияда ва 2009 йил Нахичеванда ташкил этилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилдаги Туркий тилли давлатлар саммитида иштирок этганидан сўнг, 2019 йилда Ўзбекистон ташкилотга тўлақонли аъзо бўлиб кирди. 2021 йил Истанбулда ўтказилган саммитда Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини Туркий давлатлар ташкилоти деб қайта номлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Бу ўзгариш ташкилотнинг халқаро мақоми ва ҳамкорлик қамровини ифодаловчи муҳим босқич бўлди.
Бугунги кунда ТДТнинг асосий мақсади аъзо давлатлар ўртасида ҳар томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни қўллаб-қувватлаш ҳамда савдо, инвестиция, транспорт, энергетика, таълим, илм-фан ва маданият соҳаларидаги алоқаларни кенгайтиришдан иборат.
Ҳозирда ТДТга аъзо давлатларнинг умумий майдони 4,25 миллион квадрат километрдан ошади, аҳолиси 170 миллион кишидан зиёд. 2025 йилда ушбу мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти ҳажми қарийб 2,3 триллион АҚШ долларини, ташқи савдо айланмаси эса 1,2 триллион доллардан ортиқни ташкил этди.
Ўзбекистон Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни тарихий ва маданий яқинлик билан чеклаб қўймасдан, уни иқтисодий тараққиёт, инвестиция, транспорт, инновация ва минтақавий барқарорликка хизмат қилувчи амалий механизмлар билан бойитишга интилиб келмоқда.
Ўзбекистоннинг ТДТга аъзо мамлакатлар ҳамда Туркманистон ва Венгрия билан ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2017 йилдаги 4,13 миллиард доллардан 2025 йилда 10,82 миллиард долларга етди. 2026 йилнинг январь–июль ойларида эса ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,8 фоизга ўсди.
Шу билан бирга, шерик мамлакатларнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги иштироки кенгайиб бормоқда. 2026 йил август ҳолатига кўра, юртимизда ушбу давлатлар капитали иштирокида фаолият юритаётган корхоналар сони 4871 тани ташкил этди.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуслар ташкилот фаолиятини аниқ мақсад ва натижаларга йўналтириш, мавжуд имкониятларни рўёбга чиқариш ҳамда аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган. Ўзбекистон етакчиси томонидан 2019 йилдан буён юздан ортиқ ташаббус илгари сурилган. Ушбу ташаббусларни амалга ошириш бўйича “Йўл хариталари” қабул қилинган.
Ўзбекистон ташаббусларининг муҳим йўналишларидан бири туркий халқларнинг умумий тарихий хотираси, маданий мероси ва маънавий қадриятларини асраб-авайлашдан иборат. Бу борада “Туркий дунё хартияси”нинг қабул қилиниши, Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши, туркий давлатлар адабиётининг сара намуналаридан иборат юз жилдлик китоблар туркумининг нашр қилиниши муҳим натижалар ҳисобланади.
2022 йил Ўзбекистон Самарқанд шаҳрида ТДТ саммити мезбони сифатида ташкилотга раислик қилди. Саммит чоғида Ўзбекистон Президенти қўшилган қиймат яратадиган ишлаб чиқариш занжирларини барпо этиш ҳамда тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш орқали учинчи давлатлар бозорларига чиқиш бўйича қатор таклифлар билдирди.
Самарқанд шаҳрига доимий асосда “Туркий цивилизация пойтахти” мақомининг берилиши Ўзбекистоннинг умумий тарихий ва маданий меросни халқаро миқёсда тарғиб қилишга қўшаётган ҳиссасини ифодалайди. Хива шаҳрининг 2020–2021 йилларда “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” деб эълон қилиниши ҳам ушбу йўналишдаги муҳим ташаббуслардан биридир.
2024 йилги Бишкек саммитида Президентимиз узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишнинг сиёсий асосини мустаҳкамлайдиган Стратегик шериклик тўғрисидаги битимни тузиш ташаббусини илгари сурди.
2025 йилда Ўзбекистон аъзо давлатлар ишбилармонлик доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга қаратилган қатор механизмлар ташаббускори бўлди. Жумладан, Будапештда бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон Президенти туркий давлатлар ўртасидаги савдо учун “TURK-TRADE” платформасини яратиш, Саноат кооперацияси дастурини тайёрлаш, ягона инвестиция порталини ишга туширишни таклиф қилди.
Бу таклифлар бизнес ҳамкорларини излашдан бошлаб, инвестиция имкониятларини намойиш этиш ҳамда қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини тайёрлаш ва амалга оширишгача бўлган ўзаро ҳамкорликнинг изчил босқичларини қамраб олади.
Ўзбекистон ва шерик давлатлар ўртасидаги икки томонлама инвестициявий муносабатлар ишлаб чиқариш қуввати ва объектларини ривожлантириш учун муҳим асос яратади. Масалан, 2025 йилда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгриядан киритилган инвестициялар ҳажми қарийб 4,29 миллиард долларни ташкил этди.
2026 йилда умумий қиймати 17,24 миллиард долларлик 280 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш ишлари олиб борилмоқда. Бу лойиҳалар доирасида январь–август ойларида ўзлаштирилган инвестициялар ҳажми 3,84 миллиард долларга етди.
Транспорт соҳасида ТДТ миқёсидаги ҳамкорликнинг муваффақиятли амалий модели сифатида электрон рухсатномалар тизими (E-Permit) ишга туширилди. Бу тизим дастлаб Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги қўшма лойиҳа сифатида бошланди. Кейинчалик унинг қўлланиш доираси кенгайди ва ҳозирда ташкилотнинг барча аъзо давлатлари ўртасидаги транспорт қатновларини қамраб олмоқда.
Транспорт тармоқлари ўртасидаги ўзаро боғлиқликни янада ривожлантириш тарифлар ва йиғимларни мувофиқлаштириш, божхона муомалаларини рақамлаштириш ҳамда логистика марказлари фаолиятини такомиллаштириш билан чамбарчас боғлиқ.
Шу боис Ўзбекистон “Ўрта йўлак”ни айни пайтда қурилиши давом этаётган Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли ҳамда келажакда ишлаб чиқилиши режалаштирилаётган Трансафғон транспорт йўлаги лойиҳаси билан боғлашни таклиф қилмоқда.
2026 йил Туркистон шаҳрида бўлиб ўтган саммитда Ўзбекистон Президенти минтақавий маълумотлар марказларини юқори тезликдаги алоқа тармоқлари орқали боғлашни назарда тутувчи “Туркий рақамли йўлак” лойиҳасини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
Бу ташаббуслар келажакдаги иқтисодий ўсишнинг истиқболли манбаларидан бири – бир неча бозорларда фаолият юритиш ва кенгайиш имконига эга бўлган технологиялар, инновациялар ҳамда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган.
Мамлакатимиз томонидан билдирилаётган ташаббуслар ТДТга аъзо давлатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш, ўзбек маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда уларнинг минтақавий ва халқаро бозорлардаги ўрнини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Анқарада ўтказиладиган ТДТнинг 13-саммити доирасида сиёсий мулоқотни давом эттириш билан бир қаторда, аввал илгари сурилган ташаббусларнинг ижросини жадаллаштириш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш назарда тутилган.
Энг муҳими, туркий давлатлар ҳамкорлигининг келгуси натижалари қабул қилинадиган ҳужжатлар сони билан эмас, балки уларнинг ҳаётга татбиқ этилиши, халқлар фаровонлигига қўшадиган ҳиссаси ва умумий тараққиёт учун яратадиган имкониятлари билан баҳоланади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси