Анқарадан муносабат: Ўзбекистон Марказий Осиёни халқаро мулоқотнинг янги чўққисига олиб чиқмоқда
Октябрь 21, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 102
АНҚАРА, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Марказий Осиёни тобора фаол равишда халқаро мулоқот майдонига айлантириб, дунёнинг етакчи давлатлари ва йирик иқтисодий марказларини минтақа атрофида бирлаштирмоқда.
Самарқанд, Тошкент ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида нафақат икки томонлама муносабатлар, балки бутун минтақанинг келажаги муҳокама қилинадиган учрашувлар тобора кўпроқ ўтказилмоқда.
Бу фаоллашув ортида Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқаро ҳамжамият эътиборини Марказий Осиёга жалб этиш, унинг умумий манфаатлар ва узоқ муддатли мақсадларга эга минтақа сифатидаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган изчил сиёсати турибди.
Самарқандда АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иштирокида бўлиб ўтган мулоқот ушбу тенденциянинг давоми бўлди. АҚШ ва Марказий Осиёнинг бешта давлатини бирлаштирган “C5+1” формати жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар фонида тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.
Вашингтон минтақани энергетика, транспорт, ўта муҳим минераллар ва савдо соҳаларида салмоқли ҳамкор деб билади. Марказий Осиё мамлакатлари учун бу – инвестицияларни жалб қилиш, технологиялардан фойдаланиш имкониятига эга бўлиш ва халқаро иқтисодиётда ўз мавқеини мустаҳкамлаш имкониятидир.
Муҳими, минтақа нафақат ташқи ҳамкорларнинг ташаббусларига жавоб қайтармоқда, балки мулоқот кун тартибини тобора кўпроқ ўзи шакллантирмоқда.
Бундай дипломатияни илгари суришда Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўрни алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистон минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Туркия, АҚШ, Хитой, Европа Иттифоқи, Жанубий Корея, Япония ва бошқа шериклар билан муносабатларни изчил ривожлантирмоқда.
Бундай ёндашув Тошкентга фақат бир йўналиш билан чекланиб қолмасдан, халқаро алоқаларни кенгайтириш имконини беради. Фикримча, Ўзбекистоннинг ҳозирги сиёсатидаги кучли жиҳатлардан бири – ташқи дунёга очиқликни минтақа мустақиллигини мустаҳкамлаш ҳамда умумий иқтисодий тараққиёт учун шароит яратишга интилиш билан уйғунлаштира олганидадир.
Самарқанд бу борада рамзий майдонга айланмоқда. Шаҳар асрлар давомида Шарқ ва Ғарбни боғлаб, савдо ва маданий алмашинув маркази вазифасини ўтаган. Бугунги кунда бу тарихий миссия давом этмоқда: транспорт йўлаклари, энергетика лойиҳалари, рақамли иқтисодиёт ва ўта муҳим минераллар соҳасидаги ҳамкорлик Евроосиё алоқаларининг янги географиясини шакллантирмоқда.
Ўзбекистон Марказий Осиё бозорларини Каспийбўйи минтақаси, Жанубий Кавказ, Туркия ва Европа билан боғлаган ҳолда, ушбу тизимнинг асосий бўғинларидан бирига айланиши мумкин.
Бугун Самарқанд минтақанинг глобал жараёнлардаги ўрни ортиб бораётганининг рамзига айланмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг фаол дипломатияси, унинг очиқлиги ва кенг халқаро мулоқотга интилиши алоҳида аҳамиятга эга.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси