“London Post”: Самарқанд саммити болалар фаровонлиги соҳасидаги глобал устувор йўналишларни белгилаб берди

Октябрь 29, 2026. 09:30 • 2 дақ

• 60
“London Post”: Самарқанд саммити болалар фаровонлиги соҳасидаги глобал устувор йўналишларни белгилаб берди

ЛОНДОН, 29 октябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг “London Post” ахборот порталида Самарқандда бўлиб ўтган “Болалар фаровонлигига инвестициялар: келажак авлодлар учун барқарор ва адолатли тараққиёт йўлида” мавзусидаги халқаро саммит ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Нашрнинг ёзишича, Ўзбекистонда ўтказилган икки кунлик саммит БМТ Бош котибининг болаларга нисбатан зўравонлик бўйича махсус вакили, ЮНИСЕФ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Саммит давомида БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясига содиқликни тасдиқловчи Самарқанд декларацияси қабул қилинди. Устувор вазифалар қаторида болаларни зўравонлик, шафқатсиз муомала ва эксплуатациядан ҳимоя қилиш, рақамли муҳитда уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, эрта ёшдаги болаларни ривожлантиришга инвестицияларни кўпайтириш, инклюзив таълим ва тиббий хизматлар кўрсатиш белгиланган.

Декларация ҳукуматларни болалар манфаатлари йўлида давлат инвестицияларини босқичма-босқич кўпайтиришга, халқаро молия институтлари ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтиришга, паст ва ўрта даромадли мамлакатларни қўллаб-қувватлашни кучайтиришга чақиради.

Мақолада таъкидланишича, Ўзбекистон Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева болаларга нисбатан зўравонликка мутлақо тоқат қилмаслик сиёсатига чақирди.

Шунингдек ўқинг

“Болалар – бизнинг келажагимиз. Она бўлганимдан кейин бу сўзларни бошқача қабул қила бошладим”, – дейди Шаҳноза Мирзиёева.

Саммит доирасида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева ташаббуси билан Самарқандда мактабгача таълим, ихтисослаштирилган таълим ва болалар учун реабилитация хизматларини бирлаштирган “IMKON” маркази очилди.

Материалда қайд этилишича, 2025 йилда марказлар тармоғида 546 мингдан ортиқ муолажа ва машғулотлар ўтказилди ҳамда амбулатор реабилитация доирасида 3 777 нафар бола қўллаб-қувватланди.

Саммитнинг узоқ муддатли аҳамияти давлатларнинг ўз мажбуриятларини миллий сиёсат, молиялаштириладиган дастурлар ва болалар ҳаётидаги сезиларли яхшиланишларга қай даражада татбиқ этишига боғлиқ.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш