Ўзбекистон делегацияси МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи мажлисида иштирок этди

Май 23, 2026. 17:30 • 2 дақ

167
Ўзбекистон делегацияси МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи мажлисида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи мажлисида иштирок этди
Ўзбекистон делегацияси МДҲ Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи мажлисида иштирок этди

ТОШКЕНТ, 23 май. /«Дунё» АА/. Санкт-Петербург шаҳрида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар Парламентлараро Ассамблеясининг 60-ялпи мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Парламент юқори палатаси маълумотига кўра, мажлиснинг асосий мавзуларидан бири сифатида МДҲ маконида 2026 йил – Соғлиқни сақлаш йили доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар муҳокама этилди.

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева ўз сўзида МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси йиллар давомида парламентлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш, миллий қонунчиликларни яқинлаштириш ва парламент дипломатиясини мустаҳкамлашда муҳим платформага айланганини қайд этди. Шунингдек, ҳамкорлик доирасида асосий эътибор аҳоли манфаатлари ва фаровонлигини таъминлашга қаратилгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Шу муносабат билан соғлиқни сақлаш соҳаси “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида босқичма-босқич модернизация қилинаётгани, рақамли технологиялар ва телетиббиёт жорий этилиб, бирламчи тиббий хизматлар тизими мустаҳкамланиб бораётгани қайд этилди.

Жорий йилда Ўзбекистон МДҲ Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ҳамкорлик кенгашига раислик қилаётгани амалий ташаббусларни илгари суриш ва парламентлараро ҳамкорликни кучайтириш борасида қўшимча масъулият юклаши таъкидлаб ўтилди.

Ўзбекистон парламент делегацияси томонидан трансчегаравий соғлиқни сақлаш соҳасида ҳуқуқий асосларни ривожлантириш; шу жумладан намунавий қонунлар ишлаб чиқиш, юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш механизмларини такомиллаштириш, соғлом овқатланиш ва рақамли технологиялардан самарали фойдаланиш; фармацевтика соҳасида ягона ёндашувларни шакллантириш, дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва сифат назоратини кучайтириш; тиббиёт кадрларини тайёрлаш ҳамда малака алмашинуви бўйича ҳамкорликни кенгайтириш доир таклифлар илгари сурилди.

Шунингдек ўқинг

Шунингдек, парламент аъзолари соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун зарур ҳуқуқий асосларни яратиш ва қабул қилинган қонунларнинг самарали ижросини таъминлашда парламент дипломатияси муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистон делегацияси МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси ҳузуридаги Соғлиқни сақлаш бўйича эксперт кенгаши салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш ташаббусини илгари суриб, ушбу йўналишда фаол ҳамкорликка тайёр эканини билдирди.

Мажлис якунида мувофиқлаштирилган қонунчилик ташаббуслари ҳамда парламентлараро ҳамкорлик МДҲ маконида соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш ва интеграция жараёнларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.


Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш