Покистон инвестицияси иштирокида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида тузни чуқур қайта ишлаш корхонаси қурилади

Июль 07, 2026. 08:10 • 2 дақ

103
Покистон инвестицияси иштирокида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида тузни чуқур қайта ишлаш корхонаси қурилади
Покистон инвестицияси иштирокида Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманида тузни чуқур қайта ишлаш корхонаси қурилади

ЛАҲОР, 7 июль. /“Дунё” АА/. Амалий ташриф билан Покистонга борган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов бошчилигидаги делегация Лаҳор шаҳрида “Nimir Industrial Chemicals Ltd” компаниясига ташриф буюриб, компания раҳбарияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Покистоннинг Панжоб провинциясида фаолият юритувчи “Nimir Industrial Chemicals Ltd” мамлакатнинг кимё маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасидаги йирик корхоналаридан бири ҳисобланади. Учрашув давомида компания раҳбариятига Қорақалпоғистон Республикасининг савдо-иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, ҳудудда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда амалга ошириш таклиф этилаётган истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.

 Учрашувда мазкур компания иштирокида Қўнғирот туманида тузни чуқур қайта ишлашга ихтисослашган замонавий кимё саноати корхонасини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун ҳудудда етарли хомашё захираси мавжуд бўлиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун зарур бўлган муҳандислик-коммуникация инфратузилмалари билан таъминланган ер майдони ажратилиши мумкинлиги таъкидланди.

“Nimir Industrial Chemicals Ltd” вакиллари мазкур инвестиция ташаббусига юқори қизиқиш билдириб, Қўнғирот туманининг муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси, транспорт-логистика имкониятлари, жумладан, аэропорт ва темир йўл тармоқлари билан боғланганлиги лойиҳани амалга ошришда муҳим аҳамият касб этишини билдирди.

Учрашув якунлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси ва “Nimir Industrial Chemicals Ltd” компанияси ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва қўшма инвестиция лойиҳасини амалга оширишга қаратилган инвестиция шартномаси имзоланди. Шунингдек, компания раҳбарияти таклиф этилган лойиҳани жойида ўрганиш мақсадида жорий йил июль ойи охирида Қорақалпоғистонга амалий ташриф билан келиш истагини билдирди.

Мазкур келишув Қорақалпоғистонда кимё саноатини янада ривожлантириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда ҳудудга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш йўлидаги муҳим қадам бўлади.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш