Покистон Қорақалпоғистонда “ақлли” шаҳарларни барпо этиш ва  рақамли инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади

Июль 10, 2026. 10:00 • 2 дақ

99
Покистон Қорақалпоғистонда “ақлли” шаҳарларни барпо этиш ва  рақамли инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
Покистон Қорақалпоғистонда “ақлли” шаҳарларни барпо этиш ва  рақамли инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади
Покистон Қорақалпоғистонда “ақлли” шаҳарларни барпо этиш ва  рақамли инфратузилмани ривожлантириш лойиҳаларида иштирок этади

ЛАҲОР, 10 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов  ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг Лаҳор шаҳрига ташрифи доирасида  ушбу мамлакатнинг йирик инвестиция компанияларидан бири – “HRL Group” бош директори Заҳид Рафиқ билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокараларда Қорақалпоғистонда  “ақлли” шаҳарларни барпо этиш, рақамли инфратузилмани ривожлантириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Хўжайли туманида барпо этилаётган Ёшлар шаҳарчаси ҳудудида “IT Park”, “Data Center” ва “Smart City” лойиҳаларини амалга ошириш таклифи кўриб чилди. Мазкур лойиҳалар ҳудудда инновацион экотизимни шакллантириш, рақамли хизматлар сифатини ошириш ва ахборот технологиялари соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.

“HRL Group” раҳбарияти компания делегацияси жорий йил апрель ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, ҳудуднинг инвестициявий салоҳияти ҳамда амалга оширилиши режалаштирилган истиқболли лойиҳалар билан яқиндан танишганини маълум қилди. Шунингдек, компания мазкур инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга тўлиқ тайёр эканини тасдиқлади.

Шунингдек ўқинг

Компания вакилларининг айтишича, Нукус шаҳрида қуриладиган “IT Park”нинг ишчи лойиҳаси тўлиқ ишлаб чиқилган бўлиб, уни амалий босқичга ўтказиш учун зарур тайёргарлик ишлари якунланган. Бу эса лойиҳани қисқа муддатларда амалга ошириш имкониятини яратади.

 Учрашувда шунингдек, Нукус шаҳрида амалга оширилиши режалаштирилаётган “Smart City” лойиҳасини реал вақт режимида бошқариш имконини берувчи махсус дастур Ўзбекистон томонига тақдим этилди. Ушбу рақамли ечим шаҳар инфратузилмасини самарали бошқариш, коммунал хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва аҳоли учун қулай ҳамда хавфсиз шаҳар муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Учрашув якунида Қорақалпоғистон Республикаси ва “HRL Group” ўртасида инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш ва имзолаш бўйича келишувга эришилди. Ушбу ҳужжат Нукус шаҳрида “IT Park”, “Data Center” ва “Smart City”лойиҳаларини амалга оширишнинг кейинги босқичлари, аниқ вазифалар ва амалий чора-тадбирларни белгилаб беради.

Шунингдек, “HRL Group” раҳбарияти лойиҳаларни амалий босқичга олиб чиқиш мақсадида яқин вақт ичида мутахассислар гуруҳини Қорақалпоғистонга юборишини, ажратилган ер майдонларининг ҳолатини ўрганишини ҳамда ҳар бир лойиҳа юзасидан аниқ техник ва тижорат таклифларини тақдим этишини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш