Покистон компанияси Нукусда замонавий тўқимачилик корхонаси ташкил этишни режалаштирмоқда
Июль 08, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 96
ЛАҲОР, 8 июль. /“Дунё” АА/. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги делегация Покистоннинг Панжоб провинциясига ташрифи доирасида мамлакатнинг йирик тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларидан бири – “Indus Group” компанияси раҳбарияти билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот давомида покистонлик ишбилармонларга Қорақалпоғистонда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай сармоявий муҳит, амалдаги солиқ ва божхона имтиёзлари, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун мавжуд шарт-шароит ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.
“Indus Group” компанияси билан Нукус шаҳрида барпо этилаётган технопарк ҳудудида давлат-хусусий шериклик асосида замонавий тўқимачилик корхонасини ташкил этиш истиқболлари муҳокама қилинди. Лойиҳани амалга ошириш учун технопарк ҳудудидан зарур ер майдони ажратилиши бўйича фикр алмашилди.
– Мазкур лойиҳани ҳар томонлама ўрганиб чиқамиз. Шу билан бирга, биз Қорақалпоғистонда ахборот технологиялари ва маълумотлар марказлари (Data Center) соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш, мазкур йўналишларда инвестиция лойиҳаларини амалга оширишимиз мумкин, – деди компания раҳбари.
Учрашув жараёнида муҳокама қилинган таклифларни жойида ўрганиш, Қорақалпоғистоннинг инвестиция салоҳияти ва ишбилармонлик муҳити билан яқиндан танишиш, истиқболли инвестиция лойиҳалари юзасидан амалий музокаралар ўтказиш мақсадида жорий йил давомида “Indus Group” компанияси делегациясининг Қорақалпоғистонга бизнес-миссиясини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Мазкур учрашув икки томонлама иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш, тўқимачилик саноати, ахборот технологиялари ҳамда рақамли инфратузилма соҳаларида янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш учун мустаҳкам асос яратиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси