Покистон компанияси билан Қорақалпоғистонда замонавий чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

Июль 07, 2026. 19:00 • 2 дақ

33
Покистон компанияси билан Қорақалпоғистонда замонавий чорвачилик лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди

ЛАҲОР, 7 июль. /“Дунё” АА/. Амалий ташриф билан Покистоннинг Панжоб провинциясида  бўлган Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги юртимиз делегацияси “SK Livestock Foods” компанияси бошқарувчи директори Али Раза Чима билан музокара ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Унда Қорақалпоғистонда чорвачилик тармоғини замонавий талаблар асосида ривожлантириш, соҳага тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, илғор технологиялар ва бошқарув тажрибасини жорий этиш, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

 Покистон томонига Қорақалпоғистон Республикасининг чорвачилик соҳасидаги мавжуд салоҳияти, табиий ресурслари, инвестиция муҳити ҳамда соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

 Шунингдек, Қорақалпоғистонда замонавий чорвачилик комплекси ва гўштни қайта ишлаш корхонасини ташкил этиш, наслдор қорамолларни олиб келиш, юқори маҳсулдор зотларни кўпайтириш, селекция ишларини такомиллаштириш, озуқа базасини мустаҳкамлаш ҳамда соҳада замонавий технологияларни жорий этиш таклифлари илгари сурилди.

Шунингдек ўқинг

“SK Livestock Foods” компанияси раҳбарияти Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик соҳасини ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббусларни юқори баҳолаб, уларни амалий жиҳатдан пухта ўрганиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишдан манфаатдор эканини  таъкидлади.

Учрашув якунида жорий йилнинг июль ойида “SK Livestock Foods” компанияси раҳбариятининг Қорақалпоғистон Республикасига амалий ташрифини ташкил этиш ва  истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойида ўрганиш, музокараларни давом эттириш ва ҳамкорликнинг аниқ йўналишларини белгилаб олиш бўйича келишувга эришилди.

“SK Livestock Foods” компанияси Покистоннинг чорвачилик ҳамда гўшт маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш соҳасида фаолият юритувчи етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Компаниянинг асосий чорвачилик мажмуалари ва замонавий ишлаб чиқариш қувватлари Панжоб провинциясида жойлашган бўлиб, халқаро сифат стандартларига мувофиқ ишлаб чиқарилган маҳсулотлар дунёнинг ўндан ортиқ давлатларига экспорт қилинади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш