Ўзбекистонлик ҳожилар халқимизни дуо қилмоқда
Май 21, 2026. 20:35 • 3 дақ
• 27
ТОШКЕНТ, 21 май. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат муборак Қурбон ҳайити арафасида, юртдошларимиз Ҳаж амалларини адо этаётган қутлуғ кунларда бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари муфтий ҳазратлари орқали муқаддас Макка шаҳрида бўлиб турган барча ҳожиларимизни Қурбон ҳайити билан самимий табриклаб, уларнинг элу юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ёшларимизнинг бахту саодати йўлида қилаётган эзгу дуо ва илтижолари қабул бўлишини тилади.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда ҳар йили 15 минг нафардан зиёд ватандошимиз муборак Ҳаж сафарига бормоқда. Бу йил яна бир хайрли ташаббус амалга оширилиб, Ватан ва халқ манфаати йўлида сидқидилдан хизмат қилган меҳнат фахрийлари, уларнинг оила аъзолари, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда кам таъминланган оилалар вакилларидан иборат 100 нафар юртдошимиз илк бор давлат ҳисобидан Ҳаж сафарига юборилди.
Президентимиз зиёратчиларимизнинг саломатлиги ва кайфияти ҳақида сўради, ибодатларни бажариши учун ташкилий ишларнинг бориши билан қизиқди.
Муфтий шайх Нуриддин Холиқназар Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларимиз учун барча зарур шарт-шароитлар яратилаётгани, ташкилий ишлар уюшқоқлик билан ўтаётганини таъкидлади. Бундан қалбида шукроналик ҳисси жўшган юртдошларимиз муқаддас жойларда туриб, Яратгандан мамлакатимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигини сўраб дуолар қилаётганини қайд этди.
Суҳбатда мамлакатимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар халқимиз қалби, маънавияти ва маърифатига катта ижобий таъсир кўрсатаётгани қайд этилди. Имом Бухорий мажмуаси, Ислом цивилизацияси маркази, Бурҳониддин Марғиноний илмий-маърифий ва туризм мажмуаси каби яқинда фойдаланишга топширилган масканлар улуғ аждодларимизнинг бебаҳо меросини кенг тарғиб этишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Куни кеча Қурбон ҳайитини юртимизда ўзгача файз ва шукуҳ билан нишонлаш бўйича Президент қарори қабул қилинди. Муборак айёмни нишонлаш билан боғлиқ хайру саховат ва мурувват тадбирлари ҳам амалга оширилади. Жумладан, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, 10 мингдан ортиқ болаларга мураккаб жарроҳлик амалиётларини ўтказиш, 2 мингга яқин оғир касалликка чалинган юртдошларимизни даволаш учун қўшимча маблағлар ажратилади. Масжид ва қабристонларни обод қилишга ҳам алоҳида ресурслар йўналтирилиши кўзда тутилган.
Давлатимиз раҳбари ҳаётда кўпни кўрган, дуогўй ҳожиларимиз юртга қайтгач, ислом маърифати ва соғлом эътиқодни халқимизга, айниқса, ёшларимизга теран етказишда, маҳаллаларда меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий муҳитни мустаҳкамлашда намуна бўлишларига ишонч билдирди.
Суҳбат якунида Президентимиз барча ҳожиларимизга салом йўллаб, уларнинг савобли амаллари қабул бўлишини, юртимизга соғ-омон қайтишларини тилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




