“Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми якунлари бўйича “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди

Май 14, 2026. 19:25 • 3 дақ

4
“Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми якунлари бўйича “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди
“Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми якунлари бўйича “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди
“Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми якунлари бўйича “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди
“Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми якунлари бўйича “Тошкент ташаббуси” қабул қилинди

ТОШКЕНТ, 14 май /“Дунё” АА/. Бугун пойтахтимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази (ИҲММ) ҳамда Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш Хитой жамғармаси (CFHRD) ҳамкорлигида “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Форум “Юқори сифатли ривожланиш орқали инсон ҳуқуқлари соҳасидаги тараққиётга биргаликда кўмаклашиш” мавзусида ташкил этилди.

Тадбирда Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондан давлат идоралари, эксперт ва илмий ҳамжамият, ишбилармон доиралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Халқаро тадбирда қайд этилганидек, ҳар бир инсоннинг ўз ҳуқуқларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини таъминлаш бутун инсониятнинг умумий мақсадидир. Хитой ва Марказий Осиёнинг беш давлати ривожланаётган мамлакатлар сифатида тараққиётга биргаликда кўмаклашиш ва инсон ҳуқуқларини илгари суриш масалаларида кенг муштарак қарашларга эга.

Форум давомида Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Хитой жамғармаси вице-президенти ва бош котиби Ли Хункуй, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази директори Акмал Саидов, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Цзюнь, Марказий Осиё халқаро институти директори Жавлон Ваҳобов, “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти бош котиби ўринбосари Самади Шохин ҳамда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлигининг алоҳида топшириқлар бўйича элчиси Алуа Надиркулова фикр билдирди.

Экспертлар “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича тўртинчи форум БМТнинг Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллиги ва Глобал ривожланиш ташаббусининг 5 йиллиги нишонланаётган 2026 йилда ўтказилаётгани алоҳида аҳамиятга эга эканига эътибор қаратди. Эътиборлиси, Тошкент форуми айнан “Хитой – Марказий Осиё” ҳамкорлиги сифат жиҳатидан юксак ривожланиш босқичига кўтарилган муҳим даврга тўғри келди.

Шунингдек ўқинг

Форумнинг ялпи мажлисида инсон ҳуқуқлари соҳасида Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг ўзаро ҳамкорлиги устувор йўналишлари кўриб чиқилди. Мавзу юзасидан олти давлатнинг етакчи экспертлари маърузалари тингланди.

Жумладан, Ўзбекистон Одил судлов академияси ректори Шерзод Абдуқодиров, Хитой Ижтимоий фанлар академияси Халқаро ҳуқуқ институти директори Лю Хуавэнь, Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази бўлим мудири Виктор Тихонов, Қирғизистон Омбудсман (Акиятчи) институти бўлим мудири Эмилбек Ажибеков, Ўзбекистон Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти директори Муроджон Турғунов, Пекин политехника университети илмий кенгаши раҳбари, Хитойнинг фан ва технологиялар соҳасида инсон ҳуқуқлари тадқиқотлари маркази директори Ци Яньпин, Тожикистон Президенти Ижроия аппарати бош мутахассиси Парвиз Олимзода, Туркманистон Давлат, ҳуқуқ ва демократия институти катта илмий ходими Довлат Аманмирадов, Ухан университети юридик факультети декани, Хитой экологик ҳуқуқ илмий-тадқиқот институти директори Цинь Тяньбао сўзга чиқди.

Муҳокамалар учта панель сессиясида давом эттирилди. Уларда ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш мақсадида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, экологияни муҳофаза қилиш, “яшил” ривожланиш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ривожига кўмаклашувчи рақамли интеллектуал технологияларни илгари суриш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.

Иштирокчилар форум мавзуси юзасидан атрофлича фикр билдириб, инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишнинг асосий омиллари сифатида аҳоли фаровонлигини юксалтириш, рақамли бошқарувни мустаҳкамлаш ва “яшил” тараққиётни жадаллаштириш каби йўналишларга алоҳида тўхталди. Шунингдек, мазкур соҳалардаги илғор ғоя ва амалий тажрибалар билан ўртоқлашилди.

Муҳокамалар якунида “Хитой – Марказий Осиё” инсон ҳуқуқларини ривожлантириш форумининг “Тошкент ташаббуси” деб номланган якуний ҳужжати ишлаб чиқилди ва унинг тақдимоти ўтказилди.

Форум доирасида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази билан Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича Хитой жамғармаси ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш