Ўзбекистон ва Хитой инсон ҳуқуқлари тузилмалари бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди

Май 14, 2026. 16:25 • 2 дақ

27
Ўзбекистон ва Хитой инсон ҳуқуқлари тузилмалари бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди

ТОШКЕНТ, 14 май. /“Дунё” АА/. Бугун Тошкентда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази (ИҲММ) ва Хитой Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш жамғармаси (CFHRD) ўртасида ўзаро англашув меморандуми имзоланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ҳужжатни ИҲММ ва CFHRD раҳбарлари – академик Акмал Саидов ва Ли Хункуй имзолади. Ушбу ҳужжат Тошкентда бўлиб ўтаётган Инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича “Хитой–Марказий Осиё” форуми доирасида имзоланди.

Англашув меморандуми муқаддимасида томонларнинг ўзаро дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари соҳасида тажриба алмашинув ва ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда Ўзбекистон–Хитой ўртасида инсон ҳуқуқларини ривожлантиришга биргаликда кўмаклашиш истаги баён этилган.

Меморандумда қайд этилганидек, томонлар инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида тенглик, ўзаро ҳурмат ва манфаатдорлик тамойиллари асосида ҳамкорликни амалга оширади. Меморандум доирасида, жумладан:

· инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича қўшма тадқиқотлар олиб бориш, илм-фанни тарғиб қилиш ва ўқув дастурларини амалга ошириш;

Шунингдек ўқинг

· инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро манфаатли ахборот алмашинувини йўлга қўйиш ва илмий семинарларни биргаликда ўтказиш;

· ҳар икки давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажаришга кўмаклашиш ва глобал бошқарувни такомиллаштиришга кўмак бериш каби йўналишларда ҳамкорлик қилади.

Меморандумда ҳамкорликни амалга ошириш шакллари ҳам кўрсатилган. Хусусан, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро ахборот, қонунчилик ҳужжатлари, ахборий-таҳлилий материаллар ва адабиётлар, халқаро мажбуриятларни бажаришга оид тажриба алмашинуви ҳамда қўшма илмий дастурлар ва ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга ошириш ҳақида сўз бормоқда.

Бундан ташқари, ходимлар учун ташрифлар ва амалиётлар ташкил этиш, инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича халқаро конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари ва ўқув дастурлари ўтказиш кўзда тутилмоқда. Қолаверса, инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича қўшма нашрлар тайёрлаш ва чоп этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳамкорлик учун алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш