Logo

Покистоннинг нуфузли “24 News HD” телеканалидаги “Noor-e-Ramzan” телешоусининг навбатдаги сони Ўзбекистонга бағишланди

Март 10, 2026. 18:14 • 2 дақ

47
Покистоннинг нуфузли “24 News HD” телеканалидаги “Noor-e-Ramzan” телешоусининг навбатдаги сони Ўзбекистонга бағишланди
Покистоннинг нуфузли “24 News HD” телеканалидаги “Noor-e-Ramzan” телешоусининг навбатдаги сони Ўзбекистонга бағишланди
Покистоннинг нуфузли “24 News HD” телеканалидаги “Noor-e-Ramzan” телешоусининг навбатдаги сони Ўзбекистонга бағишланди

ИСЛОМОБОД10 март. /“Дунё” АА/. Покистоннинг оммабоп “24 News HD” телеканалида Рамазон ойи муносабати билан намойиш этиладиган машҳур “Noor-e-Ramzan” телешоусининг навбатдаги сони Ўзбекистонга бағишланди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур теледастур Покистонда Рамазон ойи давомида ҳар куни ифтор вақтида тўғридан-тўғри эфирда намойиш этилади. Ўзбекистонга бағишланган махсус сонда Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Ровшан Алимов ўз оиласи билан, шунингдек Ўзбекистон Туризм бренди элчиси Чаудри Хамид Махмуд иштирок этди.

Дастур давомида Покистон ва Ўзбекистон ўртасидаги туризм, меҳмонхона бизнеси ҳамда маданий мерос соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Икки мамлакат ўртасидаги тарихий ва маънавий алоқалар илдизлари Буюк ипак йўли даврига бориб тақалиши таъкидланди.

Телешоу давомида Ўзбекистонда Рамазон ойини нишонлаш анъаналари, жамоавий ифторликлар, хайрия тадбирлари ва маънавий қадриятлар ҳақида сўзлаб берилди. Шунингдек, мамлакатимизнинг зиёрат туризми имкониятлари ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хива ва Тошкент шаҳарларининг бой тарихий мероси ҳақидаги муҳим маълумотлар томошабинлар эътиборига тақдим этилди.

Таъкидланганидек, мазкур муқаддас масканлар ва тарихий шаҳарлар ҳар йили дунёнинг турли мамлакатларидан минглаб зиёратчилар ва сайёҳларни жалб этиб, Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва зиёрат туризми салоҳиятини намоён этмоқда.

Читайте также

Дастурда «Тошкент–Исломобод» ва «Тошкент– Лаҳор» шаҳарлари ўртасида ҳафтасига икки марта амалга оширилаётган тўғридан-тўғри авиақатновлар Ўзбекистон ва Покистон халқларини янада яқинлаштиришга муҳим аҳамият касб этаётгани урғуланди. Қайд этилганидек, 2025 йил давомида ушбу авиақатновлардан 30 мингдан зиёд йўловчи фойдаланган. Шунингдек, ўтган йили 18 мингдан ортиқ покистонлик сайёҳ Ўзбекистонга борган.

Теледастур давомида мамлакатимизнинг тарихий ва маданий зиёратгоҳларига бағишланган махсус видеороликлар ҳам намойиш этилди.

Кўрсатув доирасида Ўзбекистон дипломатлари оиласи ўзбек миллий таоми – Тошкент тўй паловини тайёрлади. Шунингдек, ўзбек сомсасини тайёрлаш бўйича мастер-класс ўтказилди. Миллий ширинликлар – нишолда, сумалак, Қўқон ҳолваси ва чак-чак тайёрлаш анъаналари ҳақида маълумот берилди. Дастур якунида тайёрлаган палов ифторлик дастурхонига тортилди. 

«24 News HD» телеканалининг YouTube каналида 9,5 миллион, Facebook ва Instagram ижтимоий тармоқларида эса 1 миллиондан ортиқ обуначилари бор.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш