АСЕАН давлатларидан Ўзбекистонга келадиган зиёратчилар оқими сезиларли даражада ортади
Май 27, 2026. 10:25 • 2 дақ
• 61КУАЛА-ЛУМПУР, 27 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Халқаро сўфийлар кенгаши раҳбарияти билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашув давомида Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини, жумладан, “Умра плюс” турпакетларини АСЕАН мамлакатлари аҳолиси ўртасида кенг тарғиб қилиш ҳамда республикага зиёратчилар оқимини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини, шу жумладан, “Умра плюс” турпакетларини Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари аҳолиси орасида тарғиб қилиш масалалари, шунингдек, хорижий зиёратчилар сонини кўпайтириш чора-тадбирларини кўриб чиқди. Ташкилот вакилларига мамлакатимизда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, зиёрат туризми йўналишининг ривожланиши ва хорижий меҳмонлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида маълумот тақдим этилди.
Халқаро сўфийлар кенгаши фатво комиссияси раиси Буя Маҳюзил Раҳмат ташкилот делегациясининг 2026 йил апрель ойида Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкентдаги Ислом цивилизацияси марказида, Самарқанддаги янгиланган Имом Бухорий мажмуасида ва мамлакатдаги бошқа исломий қадамжоларда бўлганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, сафар иштирокчиларда катта таассурот қолдирган.
Ташриф якунида Халқаро сўфийлар кенгаши Ўзбекистон “уч маънавий дурдона – Шариат, Маърифат ва Ҳақиқат замини” деб эътироф этилган ҳамда халқаро зиёрат учун тавсия қилинган фатвони қабул қилди. Ҳужжат Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоевга тантанали равишда топширилди.
Ташкилот маслаҳатчиси Шайх Муҳаммад Али Ҳанафиа Ар-Раббоний ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти АСЕАН мамлакатларидаги кенгашнинг 15 миллион аъзоси орасида кенг тарғиб қилинишини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид

Ўзбекистон Польшада бўлиб ўтган Халқаро Осиё конгрессида фахрий меҳмон сифатида иштирок этди

Ўзбекистон элчихонасида ўзбек дипломатиясининг фахрийси, таниқли урду тили билимдони ва таржимон билан учрашув бўлиб ўтди




