Абу-Дабийда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги маданий ва диний алоқалар муҳокама қилинди

Май 23, 2026. 16:30 • 2 дақ

60
Абу-Дабийда Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги маданий ва диний алоқалар муҳокама қилинди

АБУ-ДАБИ, 23 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон дипломатлари БААдаги Шайх Зоид катта масжиди маркази бош директори Юсуф Ал-Обайдлий билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мулоқот давомида Ўзбекистон ва БАА ўртасида маданий-маърифий ҳамда диний-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар сўнгги йилларда олий даражадаги мулоқотлар туфайли юксак даражага кўтарилганини алоҳида эътироф этди. Суҳбат чоғида ислом цивилизациясининг бой меросини асраб-авайлаш, муқаддас динимизнинг бағрикенглик ва маърифат ғояларини кенг тарғиб қилиш, икки давлатнинг илмий муассасалари ўртасида маданий алмашинувларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди.

Учрашувда амирликлар вакилларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, ушбу мажмуада сақланаётган тарихий экспонатлар ва қадимий буюмлар, шунингдек, юртимиздан етишиб чиққан буюк олим ва мутафаккирлар ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек ўқинг

БАА томони Ўзбекистонда давлат раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган мазкур муҳташам марказ фаолиятига катта қизиқиш билдириб, унинг глобал миқёсда ислом қадриятларини сақлаш ва оммалаштиришдаги тарихий аҳамиятини юқори баҳолади.

Юсуф Ал-Обайдлий Шайх Зоид масжиди маркази келгусида ушбу йўналишда ўзаро тажриба алмашиш, қўшма маданий-маърифий тадбирлар ва халқаро кўргазмалар ташкил этиш, икки марказ ўртасида узоқ муддатли институционал ҳамкорликни йўлга қўйишга тўлиқ тайёр эканини маълум қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш