Пекиндаги байрам “Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида ўтказилди
Ноябрь 18, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 42ПЕКИН, 18 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Хитойдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Бир Ватан, бир эл, бир байроқ!” шиори остида ўтказилган байрам тадбирида Хитой олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар, ушбу мамлакатда меҳнат қилаётган ватандошлар ҳамда Пекин шаҳрида хизмат сафарида бўлиб турган юртдошларимиз иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига “Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон байроғи мамлакатимиз рамзи, халқимизнинг тарихий йўли, маданияти ва қадриятларини ўзида акс эттирувчи тимсол экани қайд этилди.
Мамлакатимизнинг жаҳон майдонидаги нуфузи тобора ошиб бораётгани, маданият, спорт ва илм-фан соҳаларида катта ғалабаларга эришилаётгани, Ўзбекистоннинг давлат байроғи жаҳон узра баланд кўтарилаётгани таъкидланди.
Ватандошлар Ўзбекистонда таълим, фан ва инновациялар соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирилиб, мамлакатимизда ушбу йўналишларни изчил ривожлантиришга ҳисса қўшишга чорланди.
Очиқ ва конструктив руҳда бўлиб ўтган тадбир якунида фуқароларимиз ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Иштирокчилар ўзбек миллий таомларидан баҳраманд бўлди.
Бекзод Сафаров, Пекин Халқаро бизнес ва иқтисодиёт университети талабаси:
– Бугун элчихонамизда Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллигини кенг нишонладик.
Ҳамюртларим билан кўришиб, суҳбатлашганимдан жуда хурсанд бўлдим. Биз элчихонада ўзимизни доимо ватандагидек ҳис қиламиз. Байрам муносабати билан ташкил этилган тадбир кўтаринки руҳда бўлиб ўтди. Дипломатлар ватандошларга доимо кўмак беришга тайёр эканини билдирдилар.
Бугунги байрам билан барча юртдошларимизни табриклайман. Байроғимизнинг дунё ҳамжамиятида ҳилпираётганидан фахрланаман.
Муҳаммадюсуф Асадий, Хитой Шимолий технологиялар университети талабаси:
– Барча ҳамюртларимизни давлат байроғимиз қабул қилинганининг 35 йиллиги билан самимий қутлайман.
Ватандан олисда, хорижда байроғимизнинг ҳилпираши қалбимизда ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Биз учун давлат байроғи юксак фахр-ифтихор тимсолидир.
Байроғимиз Ўзбекистонни дунёга танитиб турувчи муқаддас тимсоллардан биридир. Ушбу тимсолнинг доимо юксакларда ҳилпираб туришини истайман ва уни баланд кўтариш, авайлаб-асрашга ўз ҳиссамни қўшаман.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


