Ўзбекистон вакиллари “Teknofest-2026” фестивалида иштирок этди
Октябрь 07, 2026. 14:22 • 2 дақ
• 3ШАНЛИУРФА, 7 октябрь. /“Дунё” АА/. Туркиянинг Шанлиурфа вилоятида 30 сентябрь — 4 октябрь кунлари ўтказилган нуфузли “Teknofest-2026” авиация, космос ва технологиялар фестивалида Ўзбекистон дипломатлари иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“Teknofest” Туркиянинг миллий технологияларни ривожлантириш, ёшларни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш ҳамда технологик тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган энг йирик халқаро платформаларидан биридир. Фестиваль Туркия Саноат ва технология вазирлиги ҳамда “T3 Vakfı” ҳамкорлигида ташкил этилиб, унда авиация, космос, сунъий интеллект, робототехника, учувчисиз ҳаво воситалари, ракета технологиялари, рақамли технологиялар ва стартаплар йўналишларида кенг кўламли тадбирлар ўтказилди.
Фестивалда Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған иштирок этиб, ёшлар ва технологик лойиҳалар муаллифлари билан мулоқот қилди.
“Teknofest-2026” халқаро миқёси билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди. Технология мусобақаларида 99 давлатдан аризалар келиб тушган бўлиб, Франция, Хитой ва Япония каби етакчи давлатлар вакиллари ҳам қатнашди. Мусобақалар доирасида 61 та асосий ва 143 та қуйи категория бўйича финал босқичлари ташкил этилди. Ёшлар томонидан учувчисиз ҳаво воситалари, сунъий йўлдошлар, ракета технологиялари, сунъий интеллект, робототехника, чип дизайни, қишлоқ хўжалиги ва соғлиқни сақлаш соҳаларида инновацион лойиҳалар намойиш этилди.
Фестиваль давомида “Baykar”, “Aselsan”, “Roketsan”, “Havelsan”, “Turkcell”, “Trendyol” каби Туркиянинг етакчи технологик компаниялари ўз ишланмаларини тақдим этди. Айниқса, мудофаа саноати, авиация ва рақамли ечимлар катта қизиқиш уйғотди.
Ташриф доирасида “T3 Vakfi”вакиллари билан ўтказилган учрашувда Тошкент шаҳрида жамғарманинг вакиллиги ва “Билим маркази” фаолияти йўлга қўйилгани таъкидланиб, ёшларни замонавий технологияларга кенг жалб этишга қаратилган таълим дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди. “T3 Vakfi” мазкур ташаббусларни молиявий қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.
Мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон ва Туркиянинг технологик компаниялари, стартаплар, инвесторлар ва илмий-таълим муассасаларини бир майдонда бирлаштириш, инновацион лойиҳаларни халқаро бозорларга олиб чиқиш ҳамда Тошкентнинг Марказий Осиёдаги технологик стартаплар маркази сифатидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

