Францияда ўқувчиларнинг оммавий норозилик намойишлари полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди
Октябрь 06, 2026. 20:25 • 2 дақ
• 197
ПАРИЖ, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Францияда сентябрь ойи охирида таълим тизими ҳолати ҳамда ўқиш шароитларидан норозилик ортидан бошланган мактаб ўқувчилари ва талабаларнинг оммавий норозилик намойишлари полиция билан тўқнашувларга айланиб кетди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири “France 24” телеканалига таяниб.
Бугун мамлакатнинг 30 дан ортиқ шаҳрида норозилик акциялари бўлиб ўтди. Франция ИИВ маълумотларига кўра, уларда 86 мингга яқин киши, жумладан, Парижда 40 минг фуқаро қатнашган.
Намойишчиларнинг асосий талаблари ўқитувчилар етишмовчилиги, ўқувчиларга юкламаларнинг оғирлиги, ўқув кунининг узоқ давом этиши ва мактаб инфратузилмасининг ночор ҳолати билан боғлиқ.
Касаба уюшмалари олий ўқув юртларида қўшимча ўринлар яратиш, мактабларни шошилинч таъмирлаш учун 10 миллиард евро йўналтириш ҳамда педагогларни оммавий равишда ишга қабул қилишни талаб қилмоқда.
Норозилик намойишлари асносида қатор шаҳарларда полиция билан тўқнашувлар юз берди. Страсбургда акция иштирокчилари ҳуқуқ-тартибот ходимларига петардалар улоқтирди, Реннда эса полиция сув пуркагичларни қўллади.
Расмийларнинг маълум қилишича, тартибсизликлар давомида 200 дан ортиқ ёшлар, ўнлаб ўқитувчилар ва полициячилар жароҳатланган, 5 мингдан ортиқ киши қўлга олинган.
Акцияларга айрим ота-оналар ҳам қўшилди. Улар, хусусан, айрим ҳолатларда ўн соатгача чўзилиши мумкин бўлган ўқув кунининг ҳаддан ташқари узоқлигига қарши чиқмоқда.
Ҳукумат вазиятни юмшатишга уринмоқда. Бош вазир Себастьян Лекорню вазирларга педагоглар етишмовчилиги, ўқув кунининг давомийлиги ва мактаб бинолари ҳолати билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишни топширди.
Таълим вазирлиги юқори синф ўқувчилари билан маслаҳатлашувларни бошлаб юборди. Ҳукумат тизимни ислоҳ қилиш бўйича дастлабки таклифларни октябрь ойи охиригача тақдим этишни режалаштирмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси