Ўзбекистон Президенти Нара шаҳри мэри билан учрашув ўтказди
Декабрь 20, 2025. 12:51 • 2 дақ
• 100
ТОШКЕНТ, 20 декабрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Японияга расмий ташрифи доирасида бугун Нара шаҳри мэри Гэн Накагавани қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, маданий-гуманитар ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида урғу берган ҳолда ҳудудлараро алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўтмиши узоқ алоқаларга эга бўлган Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатлари ўрнатилгани юқори баҳоланди. Самарқанд кўп асрлар давомида Буюк ипак йўлининг маркази, Япониянинг қадимги пойтахти Нара эса унинг шарқий дарвозаси бўлгани таъкидланди. Бу шаҳарлар цивилизациялар ўртасидаги маданий кўприклар вазифасини бажариб, халқаро савдо ва билим алмашинувини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаган.
2027 йилда Нара миллий музейида намойиш этиладиган Ўзбекистон маданияти ва тарихига бағишланган археологик кўргазмага пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон – Япония дипломатик муносабатлари ўрнатилганининг 35 йиллиги шарафига ўтказиладиган йирик маданий тадбир бўлади.
Гэн Накагава икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги абадий дўстлик ҳамда маданий ва тарихий яқинлик рамзи сифатида Нара шаҳридаги янги боғлардан бирига Самарқанд номини беришга қарор қилинганини эълон қилди.
Суҳбат давомида икки биродар шаҳар ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини фаол ривожлантириш ҳамда қишлоқ хўжалиги, туризм, тўқимачилик, транспорт, логистика ва шаҳарсозлик каби соҳаларда кооперация лойиҳаларини амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Ўзбекистон Президентининг Туркманистонга амалий ташрифи якунланди
Ўзбекистон Президенти “Марказий Осиё + Япония” мулоқотининг бизнес форумида иштирок этди