Logo

Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди

Декабрь 20, 2025. 13:02 • 3 дақ

32
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди
Исломобод шаҳрида “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси очилди

ИСЛОМОБОД, 20 декабрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчихонаси томонидан Покистон Миллий санъат галереясида бир гуруҳ покистонлик фотомухбирларнинг шу йил 2-7 август кунлари юртимизга амалга оширган пресс-тури якунларига бағишланган “Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмасининг очилиш маросими ва махсус фотоальбомнинг тақдимоти ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Покистон ахборот ва радиоэшиттириш вазири Атаулла Тарар ҳамда миллий мерос ва маданият вазири Аврангзеб Хан Хичи асосий меҳмон сифатида қатнашишди. Шунингдек, мамлакатимизнинг Покистондаги туризм бренди элчиси Ҳамид Маҳмуд, зиёрат туризми элчиси шайх Муҳаммад Ҳассан Ҳасиб ур-Реҳман, Покистон туризмни ривожлантириш корпорацияси раҳбари Афтаб ур-Реҳман Рана, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, парламент палаталари аъзолари, Исломободда аккредитациядан ўтган 10 дан ортиқ хорижий элчилар, дипломатик корпус вакиллари, туризм йўналишида фаолият юритувчи ишбилармон доиралар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Икки мамлакат мадҳиялари ижроси билан бошланган тадбир Ўзбекистон элчисининг нутқи билан расман очиб берилди. Элчи ўз нутқида икки мамлакат ўртасидаги тарихий, маънавий ва маданий ришталар, юртимиздан етишиб чиққан буюк олим ва уламолар, уларнинг давлатларимиз маданий-маънавий ҳаётида тутган ўрни ҳақида сўз юритди. “Кўргазмада намойиш этилаётган покистонлик фотомухбирлар ижодига мансуб суратларда Самарқанд, Бухоро, Тошкент, Андижон, Фарғона каби шаҳарларимизнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссаси, Ислом оламининг илмий ва маънавий марказлари сифатидаги ўрни, маънавий мероси ва замонавий тараққиёти юксак маҳорат билан очиб берилган”, – деди дипломатик миссия раҳбари.

Покистон ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири Атаулла Тарар ўз сўзи аввалида сўнгги йилларда Покистон ва Ўзбекистон ўртасида шаклланган яқин ҳамкорлик алоқаларига тўхталди. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф Ўзбекистон ва Президенти Шавкат Мирзиёев ўртасидаги муносабатлар дўстлик, ишонч, ўзаро ҳамкорлик ва ҳурматга асосланишини таъкидлади.

Унинг айтишича, бундай яқин муносабатлар ўз навбатида мамлакатларимиз ўртасидаги кўп томонлама шерикликни янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. “Покистон ва Ўзбекистон жуда мустаҳкам ришталар, хусусан, дин, маданият, умумий тарих ва муштарак келажак боғлаб туради. Таъкидлаганимдек, мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар чуқур илдизларга эга ва ушбу кўргазма муносабатларимизнинг гўзал ифодаси бўлди. Лаҳор қалъаси ва Бухоро Аркини олайлик – иккаласи ҳам меъморчилик санъатининг юксак намуналари, дейиш мумкин. Кўргазмада намойиш этилаётган асарларни, нафақат Исломободда, балки Покистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам кўрсатишимиз керак. Чунки, ҳамма ҳам бу ерга келиб ушбу суратларни томоша қилиш имкониятига эга эмас», – деди Атаулла  Тарар.

Шу боис у мазкур кўргазмани “Pokiston TV» ва оммабоп ижтимоий тармоқлар орқали кенг тарғиб этиш бўйича мутасаддиларга топшириқ берганини билдирди.

Шунингдек, вазир Атаулла Тарар бу каби ташаббуслар ўз навбатида, халқларимизнинг ўзаро хабардорлигини ошириб, сайёҳлар алмашинувини кўпайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. “Шундай экан, ахборот вазирлиги сифатида биз бундай ташаббусларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Айни пайтда, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз сингари биз ҳам ўзбекистонлик фотомухбирларнинг Покистонга пресс-турини ташкил этишимиз керак. Уларнинг ижодий ишларини навбати билан Ўзбекистон ва Покистонда кўргазмалар ташкил этсак, ишончим комилки, бу мамлакатларимиз ўртасида ажойиб анъанага айланади ва халқларимизнинг яқинлашувига, борди-келдиларнинг кўпайишига хизмат қилади. Ушбу лойиҳаларни молиялаштириш масалалари эса фақатгина техник аҳамият касб этиб, ечими мавжуд масалалардир холос ”, – деди Покистон ахборот ва радиоэшиттириш федерал вазири.

Покистон миллий мерос ва маданият вазири Аврангзеб Хан Хичи Покистон ва Ўзбекистон ўртасида узоқ йиллардан бери давом этиб келаётган мустаҳкам маданий-маърифий алоқаларга тўхталди. “Бизни ўзаро тарихий ва маданий ришталар боғлаб туради. Миллий либосларимиз, архитектура намуналари ва қадриятларимизга назар ташласангиз, бу каби ўхшашликларни кўплаб гувоҳи бўласиз. Покистонлик профессионал фотосуратчиларнинг бугунги фотокўргазмада тақдим этилаётган суратлари ҳам фикримни тасдиқлайди. Мазкур фотокўргазма нафақат бизнинг умумий тарихий ва маданий меросимизни намоён этмоқда, балки келгуси авлодлар учун ҳам илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади”, – деди у.

Тадбир якунида барча иштирокчиларга фотоальбомлар элчихона томонидан йил давомида чоп этилган, журналлар, брошюра ва бошқа тарғибот материаллари тарқатилди ҳамда ўзбек миллий таомлари улашилди.

“Ўзбекистон покистонлик фотосуратчилар нигоҳида” фотокўргазмаси икки мамлакат ўртасидаги маданий ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлиб хизмат қилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Default Avatar

Материал муаллифи

Maftuna Rajabbayeva

maftuna@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш