Ўзбекистон Президенти Арманистон Бош вазири билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди
Октябрь 08, 2026. 18:25 • 2 дақ
• 51
ТОШКЕНТ, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Бугун Авазадаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон–Арманистон кўп қиррали муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Турли даражаларда фаол алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилди.
Ўзаро савдо ҳажми ортиб бормоқда, мамлакатимизда Арманистон сармояси иштирокида 80 та корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда. Пойтахтлар ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов йўлга қўйилган.
Қишлоқ хўжалиги, заргарлик, енгил саноат, фармацевтика, кимё ва туризм соҳаларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Бу борада Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва қўшма ишбилармонлик тадбирларини самарали ўтказиш зарурлиги қайд этилди.
Томонлар халқаро аҳамиятга молик масалалар ва кўп томонлама ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни ҳам муҳокама қилдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси