“Avrupa Times”: ТДТ минтақавий интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда

Октябрь 08, 2026. 17:30 • 2 дақ

• 68
“Avrupa Times”: ТДТ минтақавий интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бирига айланмоқда

ЛОНДОН, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Британиянинг машҳур “Avrupa Times” янгиликлар порталида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) доирасида транспорт-логистика ҳамкорлигини ривожлантиришга бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада ТДТ давлатларининг Европа ва Осиё ўртасидаги стратегик жойлашуви ҳамда муқобил транспорт йўналишларини шакллантиришдаги ўрни ошиб бораётгани қайд этилган. 2025 йилда Ташкилот давлатларининг жами иқтисодий салоҳияти 2,4 триллион доллардан ошган, Ўзбекистоннинг ТДТ мамлакатлари билан ўзаро товар айланмаси эса 11 миллиард долларга етган.

Нашрда Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, юк расмийлаштириш муддатларини қисқартириш ва транзит самарадорлигини оширишга қаратилган e-Permit, e-CMR ва eTIR каби рақамли тизимларни жорий этиш орқали ташувларни рақамлаштиришнинг аҳамияти таъкидланган.

Шунингдек ўқинг

Муаллиф “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” ва “Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” темир йўл лойиҳалари, шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт маршрутини янада ривожлантириш муҳимлигига урғу берган.

Мақолада Ўзбекистоннинг ТДТ доирасидаги фаол позицияси алоҳида қайд этилган. Хусусан, Туркистон шаҳрида ўтказилган норасмий саммитда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан “Рақамли туркий коридор”ни яратиш ва киберхавфсизлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича илгари сурилган ташаббуслар эътироф этилган.

Якунда нашр транспорт боғлиқлиги ва рақамли ечимларнинг ривожланиши туркий давлатларнинг ягона транспорт маконини шакллантириш ҳамда уларнинг Евросиё транспорт тизимидаги ролини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлаган.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш