“Echodnia”: Польшада Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳиятига бағишланган тадбир ўтказилади
Октябрь 21, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 9
ВАРШАВА, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг “Echodnia” порталида 22 октябрь куни Коньске шаҳрида “Ипак йўли бўйлаб Ўзбекистонга саёҳат” мавзусида бўлиб ўтадиган тадбир хусусида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада ёзилишича, маданий марказда ташкил этиладиган учрашувда полшалик саёҳатчилар Анна ва Томаш Халациньский Ўзбекистон ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашади.
Учрашув давомида иштирокчилар Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларининг бой тарихи, бетакрор меъморчилиги ва маданияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлади. Сайёҳлик йўналишларидан четда жойлашган манзиллар ва маҳаллий аҳоли билан учрашувлар ҳақидаги ҳикоялар ҳам тақдим этилади.
Анна ва Томаш Халациньский “Ślady na mapie” (“Харитадаги излар”) блоги муаллифлари бўлиб, улар кўп йиллардан буён мазмунли саёҳат қилиш ғоясини тарғиб қилиб келади. Жуфтлик турли мамлакатларнинг маҳаллий маданиятини ўрганиш ва аҳоли билан мулоқот қилишга алоҳида эътибор қаратади. Улар Кельце халқаро кўргазмалар маркази томонидан ташкил этиладиган “Slow Travel” саёҳатлар кўргазмасининг бир неча бор элчилари бўлган.
Анна Халациньский Свентокшис воеводлиги минтақавий туризм ташкилотида туризмни тарғиб қилиш бўйича мутахассис сифатида фаолият юритади. Шу билан бирга, у “Pracownia pod Kasztanem” ижодий студиясида дизайнерлик билан шуғулланади.
Мазкур учрашув Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, маданий мероси ва сайёҳлик салоҳиятини Польша жамоатчилигига танитишга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси