Ўзбекистон Президенти МДҲ мамлакатлари миллий таомлари фестивалида бўлди

Октябрь 08, 2026. 22:40 • 2 дақ

• 3
Ўзбекистон Президенти МДҲ мамлакатлари миллий таомлари фестивалида бўлди

ТОШКЕНТ, 8 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲ мамлакатлари делегациялари раҳбарлари билан биргаликда Туркманистоннинг “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида ташкил этилган миллий таомлар фестивалига ташриф буюрди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, фестивалда тўққиз мамлакат – Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон нинг пазандачилик анъаналари намойиш этилди.

Ўзбекистон стендида меҳмонлар юртимизнинг турли ҳудудларига хос нон ва пишириқлар, қандолат маҳсулотлари ҳамда қуритилган мевалар билан танишдилар. Уларга новвойликнинг кўп асрлик анъаналари ҳақида сўзлаб берилди. Ошпазлар сомсанинг бир неча турини, шунингдек, шивит оши ва тухумбарак каби Хоразм таомларини тайёрлаш, нон ёпиш жараёнларини намойиш этдилар. Ўзбек паловининг турли хиллари ва миллий ошхонамизнинг бошқа таомлари ҳам меҳмонлар эътиборига ҳавола қилинди.

Шунингдек ўқинг

Экспозициядан халқ ҳунармандчилиги намуналари ҳам ўрин олди. Риштон, Бухоро, Марғилон ва Самарқанд ҳунармандлари ўз маҳсулотлари ҳамда уларни тайёрлашнинг анъанавий усулларини намойиш этдилар. Миллий куй-қўшиқлар ва рақслар фестивалга байрамона руҳ бағишлади.

Делегациялар раҳбарлари Ўзбекистон стенди билан танишгач, фестивалнинг бошқа миллий экспозицияларини кўздан кечирдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш