“The Diplomatic Insight”: Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ва Озарбайжон билан иқтисодий алоқалари янги босқичга чиқмоқда
Октябрь 09, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 92
ИСЛОМОБОД, 9 октябрь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The Diplomatic Insight” нашрида “Ўзбекистоннинг минтақавий ташаббуслари – Марказий Осиё ва Озарбайжон мамлакатлари учун иқтисодий натижага йўналтирилган” сарлавҳали мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мақолада Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йилда илгари сурилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари минтақада кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантиришнинг муҳим механизмига айлангани таъкидланган.
Ушбу формат доирасида транспорт ва транзит масалалари, инфратузилмадан самарали фойдаланиш, чегараолди тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда ишлаб чиқариш кооперацияси каби бир нечта давлат иштирокини талаб этадиган масалаларни мувофиқлаштириш имкони яратилмоқда.
Нашрда 2025 йил 16 ноябрда Тошкентда ўтказилган еттинчи Маслаҳат учрашувида Озарбайжоннинг ушбу форматда тўлақонли иштирок этиши бўйича қабул қилинган қарор ҳақида тўхталиб ўтилган.
“Бу Марказий Осиёда шаклланаётган ишлаб чиқариш занжирларини Жанубий Кавказнинг транспорт инфратузилмаси, Туркия ҳамда Европа бозорларига чиқиш йўналишлари билан уйғунлаштириш учун янги имкониятларни юзага келтиради”, – дея қайд этилган материалда.
Келтирилган маълумотларга кўра, 2017–2025 йилларда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 3,1 баробар ошиб, 8,3 миллиард долларга етган. Озарбайжон билан савдо ҳажми эса шу даврда 9,5 баробар ўсиб, 307,3 миллион долларни ташкил этган.
Нашрда таъкидланишича, устав капитали 500 миллион доллар бўлган Озарбайжон–Ўзбекистон инвестиция компанияси, Ўзбекистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан қўшма инвестиция институтлари давлатлар ўртасидаги лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ва инвестициявий хатарларни тақсимлаш имконини бераётгани қайд этилган.
Материал якунида савдо тўсиқларини бартараф этиш, ташиш жараёнларини мувофиқлаштириш ва лойиҳаларни молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш Марказий Осиё мамлакатлари ва Озарбайжон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришнинг муҳим йўналишлари бўлиб қолаётгани урғуланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси