Ўзбекистон Президенти Сингапур делегациясини қабул қилди

Август 28, 2026. 14:01 • 2 дақ

42
Ўзбекистон Президенти Сингапур делегациясини қабул қилди

ТОШКЕНТ, 28 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун Сингапур катта вазири Ли Сянь Лун бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, суҳбат аввалида Катта вазир Сингапур Президенти Тарман Шанмугаратнам ва Бош вазири Лоуренс Вонгнинг самимий саломи ҳамда эзгу тилакларини етказди.

Ўзбекистон – Сингапур муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Сиёсий мулоқот ҳамда барча даражалардаги икки томонлама алоқалар фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Товар айирбошлаш ҳажми ва қўшма корхоналар сони жадал суръатларда ўсиб бормоқда. Сингапурнинг мамлакатимиз иқтисодиётига киритган инвестициялари ҳажми қарийб 2 миллиард долларни ташкил этди.

Сингапур ишбилармонларининг юртимиздаги инвестициявий фаолиятини кенгайтириш режалари қўллаб-қувватланди. Стратегик ва инновацион шериклик бўйича ўрта муддатли қўшма дастурни ишлаб чиқиб, унда савдо, инвестициялар, технологиялар трансфери, давлат бошқаруви тизимини модернизация қилиш, инсон капиталини ривожлантириш, рақамлаштириш ва бошқа йўналишларга устуворлик беришга келишиб олинди.

Шунингдек ўқинг

Ўзбекистонда махсус иқтисодий зоналар фаолиятини такомиллаштириш, Тошкент халқаро молия маркази ва рақамли банк тизимини ривожлантиришда Сингапурнинг илғор тажрибасини жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Сингапур олий таълим муассасаларининг мамлакатимиздаги фаолияти бундан буён ҳам қўллаб-қувватланиши билдирилди.

Юқори даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёнини баҳолаш ва қўшма режаларни мувофиқлаштириш учун сиёсий ва иқтисодий тузилмалар ўртасида мунтазам мулоқотни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Яқинда Ўзбекистон БМТнинг Медиaция тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилгани олқишланди.

Халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлаш ҳамда минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш