Сергей Тарасов: Ўзбекистон янги инновациялар ва халқаро ҳамкорлик учун ўз эшикларини кенг очмоқда
Август 28, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 63
САНКТ-ПЕТЕРБУРГ, 28 август. /“Дунё” АА/. Россия давлат педагогика университети ректори, профессор Сергей Тарасов мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги арафасида “Дунё” АА орқали юртдошларимизга ўзининг самимий табриги ва эзгу тилакларини йўллади.
– Университетимиз жамоаси ва шахсан ўз номимдан Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий табриклайман.
Мамлакатингиз ўтган давр давомида улкан тараққиёт йўлини босиб ўтди, давлат суверенитетини мустаҳкамлади, ўзининг бой маданий меросини асраб-авайлади. Энг муҳими, бугун Ўзбекистон янги инновациялар ва халқаро ҳамкорлик учун ўз эшикларини кенг очмоқда.
Олий таълим муассасамиз учун Ўзбекистон таълим соҳасидаги муҳим стратегик ҳамкор ҳисобланади. Тошкентдаги университетимиз филиали самарали фаолият юритмоқда. Бу ерда аллақачон бакалавриат ва магистратура йўналишлари бўйича икки марта битирув маросими ўтказилди.
“Класс!” ва “Малыш” қўшма лойиҳалари рус тилини ўқитиш сифатини ошириш ва мактабгача таълимни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Ушбу дастурлар доирасида 1,5 минг нафардан зиёд тарбиячи ва 100 нафар методист малака оширди.
Ўзбекистонда рус тилида очиқ таълим ва ўқитиш бўйича учта марказ фаолият юритмоқда. Санкт-Петербургда Ўзбек маданият маркази ҳам самарали ишлаб турибди. У ёшлар мулоқоти ва маданий алоқаларни сақлаш ҳамда ривожлантириш учун муҳим майдонга айланган.
Университетимиз ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, қўшма таълим, илмий ва гуманитар лойиҳаларни ривожлантиришга интилади. Ишонаманки, бундай ҳамкорлик икки мамлакат таълим ва илм-фан соҳалари тараққиётига муносиб ҳисса қўшади.
Яна бир бор ўзбек халқини Мустақиллик байрами билан чин қалбимдан қутлайман.
Юртингизда доимо тинчлик ҳукм сурcин, халқингиз фаровонликда яшасин, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик янада мустаҳкамлансин!
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси